Россиялик ҳарбий олимлар ковидни текширишнинг янги усулини топди
Россиянинг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари олимлари коронавирусни аниқлашнинг янги усулини ишлаб чиқди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур тест ПЗРдан бир неча баравар тезроқ бўлиб, аниқлилик даражаси деярли бир хил. «Патогенларнинг ўзига хос кўрсаткичларини аниқлашнинг замонавий усуллари асосида реал вақт режимида ҳалқали изотермик кучайтириш орқали SARS-CoV-2 коронавирус РНКсини (рибонуклеин кислотани) аниқлаш учун реагентлар (кимёвий термин) тўплами ишлаб чиқилди», дейилади хабарда.
Аниқлик киритилишича, янги тўплам вирусни бир дақиқада инактивация қилувчи махсус реагентни ўз ичига олади, бу дарҳол тадқиқотга ўтиш имконини беради. Шу билан бирга, мазкур реагент айнан нима экани ошкор этилмаган.
«Тўплам клиник намуналарда коронавирус учун намуна олинган пайтдан эътиборан 30 дақиқа ичида аниқлашни таъминлайди, шу билан бирга ўзининг сезгирлиги ва ўзига хослиги бўйича нуклеин кислотасини кучайтириш усулларига асосланган бошқа тиббий асбоблардан қолишмайди», дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Ҳарбий департаментнинг қўшимча қилишича, анъанавий ПЗР таҳлили кўпроқ вақт олади — тахминан бир соат. Агар намунани тайёрлаш вақти ҳисобга олинса, унда икки соат. Янги тест тўплами бир хил аниқликка эга, яъни камида 95 фоиз. Синов методологияси ўзгармаган, жумладан, олинган намуналар махсус эритмага жойлаштирилади ва таҳлилга юборилади.
Аввалроқ инсон танасидаги коронавирус миқдорини аниқлайдиган тест ишлаб чиқилганди.