Сурияда жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган эркак Ўзбекистонга олиб келинди
Сурияда қўпорувчилик ҳаракатини содир қилиш мақсадида жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган эркак Ўзбекистонга олиб келинди.

Маълум бўлишича, Россияда мавсумий ишлаш даврида интернет орқали халқаро террорчи тузилмалар таъсирига тушиб қолган қашқадарёлик эркак ушланган. Аниқланишича, у қўпорувчилик ҳаракатини содир қилиш мақсадида Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.
Ўзбекистон фуқароси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида Россияда қўлга олинган. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда 1999 йил 16 февраль куни амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этгани учун қидирувда бўлган 55 ёшли эркак Ўзбекистонга олиб келинганди.