Янгиликлар - 16:57 · 19.01.2022

Тошкент вилоятида аёл бошқа аёлнинг қулоғидан тишлагани учун 5 йилга қамалиши мумкин

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида муқаддам судланган аёл нотаниш аёл билан билан жанжаллашиб, унинг қулоғини тишлагани учун қамоққа олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, 15 январь куни соат 20:00 да муқаддам бир неча маротаба судланган 31 ёшли Д.Ф. Эйвалек МФЙ 6-уй олдида бўла туриб, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шу уйда яшовчи ўзига нотаниш 34 ёшли Н.И. билан жанжаллашган. Унинг сочидан тортган вақтда аёлнинг безорилик ҳаракатларини кўриб, ҳолатга чек қўймоқчи бўлган яна 3 нафар қўшнисига ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, Н.И.нинг чап қулоғини тишлаб, унга тан жароҳатлари етказган.

Судга оид тиббий экспертиза хулосасида Н.И.да енгил турдаги тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Д.Ф.,га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давомида ушбу жанжалнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексида 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши кўрсатилган.