Янгиликлар - 18:16 · 19.01.2022

Тошкентда Миразиз Бозоров ишига доир суд қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида 20 январь куни соат 11:00 да блогер Миразиз Бозоровнинг жиноят иши кўриб чиқилади. Бу маълумотни Олий суд ахборот хизмати «Bugun.uz»га тасдиқлади.

Фото: Тимур Карпов / «Фергана»

Маълум қилинишича, суд мажлиси очиқ шаклда бўлиб ўтади ва унга Миробод туман суди раиси Сардор Содиқов судьялик қилади.

Маълумот ўрнида, Миразиз Бозоров Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг «г» банди (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) билан айбланмоқда. Ушбу модданинг тегишли банди билан айбланаётган судланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, ЛГБТ ғояларини тарғиб қилган блогер Миразиз Бозоров Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни номаълум шахслар томонидан калтакланганди. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Бозоровнинг ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлари юзасидан муносабат билдирган. 2021 йил 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза келиб тушган бўлиб, унда Миразиз Бозоров интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб, туҳмат қилгани, миллий анъаналарни оёқости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган.

Bugun — LIVE