Туркманистонда ўқитувчиларнинг президент шеърини қай даражада билиши текширилди
Туркманистон халқ таълими вазири Гурбангуль Атаева Туркманободдаги айрим мактабларда бўлиб, ўқитувчиларга мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фаолияти ҳақида саволлар берди. Бу ҳақда «Turkmen news» хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирнинг қайси таълим муассасаларига бориши олдиндан белгиланмаган. Шунинг учун шаҳардаги барча мактабларда ташрифга тайёргарлик кўрилган. Атаева ўқитувчилар Бердимуҳамедовнинг сўнгги шеърларини қай даражада билишини текширган.
Таъкидланишича, Янги йил арафасида мамлакат президенти «Она юрт, Туркманистон», 12 декабрь куни эса «Яшасин тинч ҳаёт» номли шеърини оммага тақдим этган. Вазир, шунингдек, ўқитувчилардан Бердимуҳамедовнинг сўнгги беш китоби номларини ҳам сўраган. Ўқитувчиларнинг ташқи кўринишига ҳам даъво билдирилган, хусусан, Атаева барча ўқитувчиларнинг рўмол ўрашини талаб қилган.
Туркманистонда ўқитувчилар ва талабаларнинг ташқи кўриниши масаласи жуда қаттиқ тартибга солинади. Жумладан, 2020 йил кузида Лебап вилояти ҳокимининг таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича ўринбосари Гулнора Жумаева мактабда ишлайдиган аёллардан сочини очиқ рангга бўямасликни талаб қилган. У талабини «Сиз барибир рус бўлмайсиз», — дея изоҳлаган.
Мавзуга доир: Туркманистонда Бердимуҳамедовнинг янги шеърига бағишланган махсус анжуман бўлиб ўтди — видео
Аввалроқ Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланганди. Шунингдек, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг рафиқаси 15 йил ичида биринчи марта кўриниш берганди.