«200 минг сўмлик банкноталар чиқарилиши режалаштирилмоқда» — Марказий банк раиси
Мамаризо Нурмуратов янги банкноталар қачондан муомалага киритилиши мумкинлигини айтди
Тошкентда 20 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонда муомалага киритилиши кутилаётган банкнота ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилга бориб мамлакатда 200 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилиши кўзда тутилган.
«Биз 200 минг сўмлик пул чиқаришни режалаштирганмиз, бу билан биргаликда, муомаладаги нақд пулни оптималлаштиришни амалга оширмоқчимиз. Бизда жон бошига нақд пул кўришида 2017 йилда 489 дона пул белгиси бўларди. Бугунги кунга келиб бу икки мартага тушди.
Мақсадимиз банкноталар структурасини ўзгартириб бориб, нақд пулни одамлар учун қулай тўлов воситасига айлантириб бориш», — деди Мамаризо Нурмуратов.
Аввалроқ Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров 1000 сўмлик пуллар муомаладан чиқарилиши ҳақида фикр билдирган эди.