Президент давлат мулкини хусусийлаштиришга оид йиғилиш ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев 20 январь куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йиғилишда соҳадаги ишлар аҳволи ва келгуси режалар танқидий муҳокама қилинган. Давлат раҳбарининг топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқланган.
«Жумладан, нефть-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино бор. Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай турибди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, йиғилишда бу борада сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши белгиланган, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 2022 йилда соҳадаги ишларни фаоллаштириб, натижадорликни икки баробар ошириш зарурлиги таъкидланган.
«Масалан, ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкин. Шу билан бирга, хатловни давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Носоҳавий, самарасиз ва бўш турган активларни аниқлаш ҳамда очиқ савдоларга чиқаришга вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланди. Бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, йўл, транспорт, нефть-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтилган.
«Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, бош вазирга «Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекнефтегаз», «Ҳудудий электр тармоқлари» каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилган.
«Фарғонаазот», «Бектемир спирт заводи», «Қўқон биокимё», «Деҳқонобод калий заводи», «Кварц», «Хайят» каби йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилган. 23 та акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш бўйича кўрсатмалар берилган.
«Бўш турган бинолардан фойдаланишнинг яна бир усули — ижара. Йиғилишда бу борадаги имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ҳудудлар ва тармоқлар тасарруфидаги давлат мулклари ижараси ҳисобига жорий йилда 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкинлиги айтилди. Бундан буён, уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланди. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида 2022 йил хусусийлаштириш дастури тасдиқланадиган бўлди», дея қўшимча қилинган хабарда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мазкур йиғилишда Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилганди.