Бугун оқшоми. Муҳокама марказидаги телеканаллар, Миразиз Бозоровнинг суди, талабаларни қурилишга жалб қилишни буюрган Аркадағ
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Бугуннинг асосий мавзуси, шубҳасиз, ЛГБТ ғояларини тарғиб қилгани айтилган Миразиз Бозоровнинг суди. Унда ҳеч нарса ҳал бўлмади, диний блогерлар «жабрланувчи» сифатида иштирок этди.
Блогер Миразиз Бозоровнинг биринчи суди бугун, 20 январь куни бўлиб ўтди. Аммо унга ОАВ вакиллари киритилмади. Бунга уларда ПЗР-тест жавоби йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилди. «Bugun.uz» мухбирининг маълум қилишича, журналистлардан бири коронавирусга тест топшириб келган, бироқ суд бошлангани сабабли киритилмаган.
Судда халқаро ташкилот аъзолари, Германия элчихонаси вакили, «Эзгулик» жамияти раиси ҳам борлиги айтилмоқда. Шунингдек, Аброр Мухтор Алий ва блогер Шуҳрат Мусаев жабрланувчи сифатида иштирок этди.
Уларнинг барчаси суд бўйича изоҳ бериб, ҳаммаси яхши бўлаётганини айтган. Ҳаттоки, судья жабрланувчиларнинг илтимосини қаноатлантириб, пешин намозини ўқиб олиш учун 10–15 дақиқалик танаффус берган.
Маълумот учун, кейинги мажлис 21 январь куни соат 10:00 да бошланади.
Марказий банк 200 минг сўмлик купюра чиқаришни режалаштиряпти, асосий ставкани эса ўзгаришсиз қолдирди.
Марказий банк матбуот анжумани ўтказиб, 2024 йилга бориб мамлакатда 200 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилиши кўзда тутилганини маълум қилди. Шунингдек, банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Ўзбекистонда эмлашдаги ёш чегараси кенгаймоқда. Энди 5 ёшли (шу ёшдан бошлаб барча) болалар ҳам коронавирусга қарши вакцина олиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев «Заковат» интеллектуал ўйинларини ривожлантиришга қаратилган қарорни имзолади. Энди ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган «Заковат» стипендияси жорий этилади. 2022 йилдан бошлаб талабалар ўртасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилиниб, унда жамоавий тарзда кучли учликка кирганларга Президент совғаси топширилади.

Президент фаолиятига оид бошқа хабарлар пунктларда:
- Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан яна телефон орқали суҳбатлашди;
- Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити 27 январь куни виртуал форматда бўлиб ўтади.
Муҳокама марказидаги телеканаллар: Саида Мирзиёева уларни танқид қилди, «Sevimli» телеканали раҳбари Амира Рашидова танқидларга жавоб қайтарди. Колумнистимиз эса карикатура чизишга «мажбур бўлди».

«Sevimli» телеканалидаги ахлоқсиз саҳналар юзасидан ўрганиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилганди. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева ушбу саҳналар бўйича муносабат билдирди. Телеканал раҳбари Амира Рашидова сериал атрофидаги танқидларга жавоб қайтарди.
Телеканалдаги сериал бўйича Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам муносабат билдириб, телеканал бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдам бермагани маълум бўлганини айтди.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов эса сериалларга ўз карикатураси билан муносабат билдирди.

Хўш, оламда нима гап?
Туркманистон президенти қурилиш объектларига талабаларни жалб қилишни буюрди.
Бердимуҳамедов янги шаҳар қурилишига алоқадор бўлган бош вазир ўринбосарлари ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказган. Президент янги вилоят марказини қуриш икки босқичда режалаштирилганини таъкидлаган.

Биринчисида бу ерда 336 та объект, жумладан, 11 та давлат ва 26 та маъмурий бино, 19 та таълим муассасаси, 258 та икки ва кўп қаватли турар жой биноси, 8 та тиббиёт ва спорт иншооти, 14 та ички ва ташқи муҳандислик тизими ва иншоотлари қурилади.
Таъкидланишича, йиғилиш давомида Турманистон президенти мамлакатдаги олий ўқув юртлари талабаларини қурилиш ишларига жалб қилиш бўйича топшириқ берган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.