«Келинларнинг кўйлакларини томоша қилиш учун тўйларда официантлик қилардим». Россиянинг машҳур компаниясида ишлайдиган ёш ўзбек дизайнери Умид Улашов билан суҳбат
Умид Улашов ҳозирда 23 ёшда. Беш йилдан буён дизайн ва мода соҳасида фаолият олиб бораётган ватандошимиз бугун Россиянинг дунёга машҳур Rasario компаниясида дизайнер сифатида ишлайди. Бугун биз Умид билан унинг дизайн соҳасига қандай кириб келиши, Ўзбекистонда мода саноати ва бошқа бир қанча алоқадор мавзулар доирасида суҳбат қурамиз.

Салом, Умид, келинг, биринчи навбатда соҳанинг ўзи ҳақида бироз гаплашсак. Айтингчи, мода ўзи сиз учун нима? Бу йўналишга қандай кириб келгансиз?
Мода мен учун — тақдир. Бу соҳага қандай кириб келганимни айтиш учун узоқ тарихдан бошлаб келишимга тўғри келаркан. Реал олиб қарайдиган бўлсак, соҳага болалигимдан қизиқиб келганман. Мактаб даврида роса кўп либослар расмини чизар ва кичик матолардан уларни моделлаштиришга ҳаракат қилар эдим. Яқинларим учун ҳар хил мунчоқлару матолардан кичик handmade маҳсулотлари ясаб, совға қилишга ҳаракат қилардим. Қолаверса, қўшнимизнинг қизи тикувчилик билан шуғулланар эди. Бўш вақтим бўлиши билан унинг олдига «ёрдам»га ўтардим. Кейинчалик мактабни тамомлаб, коллежда ўқиётган кезларим Қарши шаҳридаги Ёшлар марказидаги тикувчилик тўгарагига қатнай бошлаганман ва у ерда Гулмира Ҳидирова ва Фазилат (фамилиясини аниқ эслолмадим, адашмасам, Сайфуллаева эди) исмли чевар опалардан сабоқ ола бошлаганман. Параллель равишда ўша вақтдаги «Камолот» ЁИҲнинг Республика миқёсидаги бир неча лойиҳаларида қатнашиб келганман. Шулар жумласидан, 2016 йилда «Менинг бизнес ғоям» танловида ўзим яратган моделларим билан қатнашиб, Республика босқичи ғолиблигини қўлга киритиб, 26 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш имкониятини қўлга киритганман (лекин кредитни маълум сабабларга кўра олмаганман ва яхшиямки, олмаган эканман) ва ўша танловда «Анор» модалар уйи дизайнери Дилноза Умрзоқова билан танишиб қолганман. Улар мени шогирдликка олишга қарор қилганлар. Шу тарзда профессионал дизайн оламига кириб келганман.

Меҳнат фаолиятингиз ҳақида ҳам бироз айтиб бера оласизми?
Меҳнат фаолиятимга келадиган бўлсак, мактабда ўқиб юрган вақтларим ёзги таътилда бир неча йил тўйхонада официант бўлиб ишлаганман (аслида, тўйхона яқин ўртоғимнинг отасиники эди). Мен ё салат, ё ичимлик тарқатар эдим. Лекин ундан ҳам завқлироғи «сервировка» вақти салфеткаларни эринмасдан гулчали қилиб чиқиш ва келин келганида кўйлагини томоша қилиш ва тўйга келган қизларнинг кийимларини таҳлил қилиш эди. Профессионал дизайн оламидаги меҳнат фаолиятим ҳақида айтиб берадиган бўлсам, 2016 йилда Тошкентга кўчиб келиб, «Анор» модалар уйида handmade дизайнер сифатида ишлай бошлаганман ва параллель тарзда Тошкент давлат аграр университетига ўқишга кирганман (Кулгилия? Дизайн соҳаси қаердаю, аграр соҳа қаерда?).
«Анор»да 2018 йил охирига қадар ишлаганман ва шу муддат ичида Дилноза опа ва жамоадан жудаям кўп нарсаларни ўрганганман. Кейинчалик оқшом ва тўй либосларига қизиқишим орта бошлаган ва менга Нариман Григорян билан ишлашни таклиф қилишган. 2018 йил куз ойларида Нариман билан танишганман ва модалар уйида ишлай бошлаганман. 2019 йил ёз ойларида Москвага ёзги таътилни ўтказиш ва бу ердаги мода олами билан танишиш учун қариндошларимникига саёҳатга келганман ва ўша вақтда «Мистекс» деган эркаклар кийимлари ишлаб чиқарадиган Москвадаги йирик брендга ишга таклиф қилиб қолишган. Яхшигина иш ҳақини ким ҳам рад қиларди, дейсиз. Ва шу бренд билан 1 йиллик шартнома тузиб, ишга қолганман. Энг қизиғи, ўша вақтда университетдаги ўқишимни ҳам ташлаб келганман. Тўғрисини айтаман, ўша вақтда Москвада шартномам муддати тугагунча яшаб, кейин яна қайтиб, Нариман билан ишлайман деб режалаган эдим. Лекин афсуски барчаси 180 градусга бурилиб кетди (Нариман Григорян вафоти билан боғлиқ — мухбир изоҳи).

Шартнома муддати тугаганидан кейин рости негадир Ўзбекистонга қайтишни хоҳламадим ва 2020 йил август ойларида «Mezzanine» компанияси билан ишлай бошладим. Параллель тарзда «Ventura Danza» ва «White Gardenia» модалар уйларининг лойиҳаларида қисқа муддатли иштирок этиб малака оширдим. Дизайнерлик касбининг шуниси яхшики, бўш вақтларимизда бошқа брендларнинг лойиҳаларида ҳам қатнаша оламиз (фақат ҳар бир бренд ички сирини сақлаган ва бирини иккинчисига «сотиб қўймаган» ҳолда). 2021 йил февраль охирида электрон манзилимда «Rasario» компаниясининг экспериментал лабораториясида ваканция деган хабарга кўзим тушиб қолди. Интернетдан текшириб кўрдим – анчагина таниқли компания. Таваккал қилиб, қўнғироқ қилдим. Ва кейинги кундан бошлаб то ҳозиргача шу компанияда ишламоқдаман.
Айтингчи, оила аъзоларингиз ва умуман, жамият томонидан танлаган касбингиз доирасида қандайдир қаршиликлар ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келдингизми? «Бу касб эркак кишига ярашмайди» дегандек? Ўзи, умуман, ўзбек жамиятида ўзбек йигитнинг дизайнер бўлиши менталитет нуқтаи назаридан қанчалик осон?
Элликка эллик деса ҳам бўлади. Оила аъзоларим томонидан жуда ҳам қаттиқ қаршиликлар кузатилмаган. Лекин тўлақонли даражада шу соҳада кетишимни ҳам исташмаган. Айниқса, ойим тикиш қиламан ё расм чизаман деб дарсларингдан чалғимагин, деб койир эдилар. Чунки мактабда ҳам «беш»га ўқиганман, биологиядан фан олимпиадаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни қўлга киритганман. Мактабни қизил шаҳодатнома билан тамомлаган эдим. Ойим оиламизда кўпчилик тиббиёт ходимлари бўлганлиги сабаб менинг ҳам тиббиёт соҳасидан кетишимни жуда хоҳлаган, модани эса хобби сифатида давом эттиришим мумкинлигини қулоғимга қуйишга ҳаракат қиларди (Лекин мен ҳаммасини пучга чиқардим. Энди «медик» келин қидиришга тушганлар отдан тушсаям, эгардан тушмаган онам). Лекин барибир мени тушунишга ҳаракат қилар эдилар. Чунки кўз олдиларида кичиклигимдан шу соҳага қизиқиб катта бўлганман-да.
Қизиқ бир воқеа эсимга тушди: 4 ё 5 ёшлигимда қариндошимиз уйланганида тўйнинг эртаси куни келинойимнинг олдиларига кириб, «кеча кийган кўйлагингиз қани, кўрсатинг» деб сўраганимни ҳалигача қариндошлар кулги билан эслашади. Жамиятдаги стереотипларга эса деярли эътибор ҳам бермаганман. Балки, шунчалик даражада ишимга жиддий қараганим учунми, оила аъзоларимдан ташқари ҳеч бир бегона кимса ҳадди сиғиб юзимга бирор нарса дея олмаган. Аммо хоҳлайсизми йўқми, бизнинг менталитетда бири гапирмаса, иккинчиси ортдан бўлсаям гапиради, ғалати кўз билан қарайди. Лекин олдида аниқ мақсади бор инсон ҳар қандай вазиятда ҳам қўйган мақсадидан чалғимайди деб ўйлайман. Қолаверса, ана шу стереотиплар менинг кучлироқ бўлишимга сабабчи ҳам бўлган.
Россияда фаолиятингизни узоқ давом эттирмоқчимисиз? Агар сир бўлмаса, ойлик маошингиз қанча?

Юқорида айтиб ўтганимдек, Москвага аниқ қолиб ишлаш мақсадида келмаганман. Шунчаки, барчаси ребусдек кетма-кетликда амалга ошган. Бугунги кунда бу ердан кета олмаётганимнинг сабабига келадиган бўлсак, ҳозирги ишлаётган компаниямда ўзим учун комфорт зона яратиб олганман. Эркин иш графиги, шаҳар марказидаги офис, яшаш жойим ҳам офисимиздан 15 дақиқада пиёда борса бўладиган яқинликда. Баъзида ишдан чиқиб, Москва дарёси бўйлаб Moskva City осмонўпар биноларини томоша қилиб, маданий ҳордиқ оламан. Ойлик масаласига тўхталадиган бўлсак, «Rasario» компаниясидан аниқ қанча олаётганимни айта олмайман. Чунки бу компания сири. Лекин Москвада либос дизайнерлари энг камида қанча топишини айта олишим мумкин: ойлик даромад бренднинг мавқейи ва мижозлар сегментига қараб энг камида 1500–2000 АҚШ долларидан бошланади. Қолаверса, асосий ишдан ташқари бошқа брендлар билан ҳам фрилансер буюртма бажарувчи сифатида ишлаш имконияти кўп.
Ишлаётган жойим ҳақида гапирадиган бўлсам, компания таркибида «Rasario» ва «Rozie Corsets» брендлари, яъни 2 та бренд бор. Иккови ҳам люкс сегмент учун ихтисослашган. Бизнинг маҳсулотларимиз Хитойдан АҚШга қадар дунёнинг барча давлатларида йирик мода уйларида сотилади. Бош офисимиз (яъни мен ишлаётган жой) Москва шаҳрида жойлашган. Биз бу ерда янги коллекциялар яратамиз ва экспериментал лабораториямизда моделларнинг биринчи нусхаларини ишлаб чиқамиз. Кейин Россиянинг бошқа шаҳарлари ва Ўрта Осиёдаги фабрикаларимиз уларни бир неча юз минглаб нусхада ишлаб чиқаришни бошлайди.
Менга энг ёқадиган жиҳати — ҳар биримизда шижоат қайнаши кераклиги ва мода оламидан камида бир йил олдинда юришимиз шартлиги. Оддий сўз билан тушунтирадиган бўлсам, 2022 йилда ёз мавсумида урфда бўладиган либосларни биз ўтган 2021 йил ёзигача яратиб бўлганмиз. Чунки бозор талабини қониқтира оладиган даражада кўп маҳсулот етказиб бериш учун бир йил муддат ҳам камлик қилади. Камига маҳсулотларимиз бутун дунё бўйлаб сотилишини ҳисобга олаверинг. Шунинг учун ҳам менга айнан йирик компанияда ишлаш ёқади. Бу ўзимиз кўниккан ателье форматидан тубдан фарқ қилади. Бир йилда умумий ҳисобда икки бренд учун ўнга яқин коллекция яратамиз ва ҳар бир коллекциямизда элликдан ошиқ модель бўлади. Ҳар бир моделимиз устида ишлаганимизда бугунги кунда мода оламида нима бўлаётганини эмас, балки бир йилдан кейин нима бўлишини ўйлашимиз шарт. Ва бу, хоҳлайсизми-йўқми, деярли барча керакли китобларни, журналлару интернетдаги маълумотларни ўқиб, ўрганиб чиқишни тақозо қилади: одам ўзи билмаган ҳолда ўз устида ишлашни бошлайди.
Маълумот ўрнида, брендга 2012 йилда абхазиялик дизайнер Расида Лакоба томонидан асос солинган экан.
Қайси таниқли шахсларга кийимлар тиккансиз ёхуд шу жараёнда иштирок этгансиз?
Агар Ўзбекистон миқёсида қарайдиган бўлсак, «Анор» ва «Нариман Григорян» модалар уйида ишлаб юрган вақтларимда ўзбек санъаткорларининг аксар қисми бренд мижозлари бўлган, концерт дастурларида ҳамкорлик қилинган, улар учун юз фоиз мустақил либослар яратганман дея олмаслигим мумкин, лекин оз бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшганман. Масалан, Юлдуз Усмонова, Шаҳзода, Паризода ва бошқа санъаткорлар билан биргаликда ишлаганмиз. Россиядаги фаолиятимни олиб қарайдиган бўлсак, мен ишлайдиган компаниянинг мижозлар рўйхатидан Россия миқёсида Алсу, Полина Гагарина, Ксения Собчак, Мирослава Дума ва бошқалар, жаҳон миқёсида эса Женнифер Лопез, Ариана Гренде, Кэти Перри, Лили Коленз, Ҳейли Стайнфелд, Обри Плаза, Корнтни Кардашиан, Трейзе Эллес Роуз, Марен Моррис, Кейт Бекинсейл, Келли Иствуд ва бошқалар жой олиб улгурган.

Қиммат брендлар ва уларнинг харидорлари, умуман, либосни таниқли бренддан бўлганлиги учун ўта қиммат нархга сотиб олиш ҳақида фикрингиз? Агар имконият туғилганда айнан ҳозир қайси бренд остида фаолиятингизни давом эттирган бўлар эдингиз?
Масалан, бизнинг брендлардан битта маҳсулот нусхасини ишлаб чиқишимиз учун жараёнда камида беш нафар одам иштирок этади. Булар дизайнерлар, конструкторлар, бичувчилар, технологлар, тикувчилар ва билвосита яна шунча ходим иштирок этади. Бундан ташқари 10 дан ошиқ бошқа вазифалар билан шуғулланадиган бўлимларимиз бор. Ҳар бир моделимиз камида 6 мартадан тикилади. Ходимларга тўланадиган иш ҳақларини ҳисобга олиш керак. Камига, фойдаланадиган мато ва фурнитураларимиз қиймати ҳам люкс сегментга мос бўлиши керак. Бу соҳада бўлмаган одамга нега либосларимиз нархи қимматлигини миллион маротаба тушунтирса ҳам, фойдасиз. Қолаверса, бугунги кунда барчада танлов эркинлиги бор ва бозорда ҳам барча сегментнинг эҳтиёжи учун мос либослар топилади деб ўйлайман. Фаолият масалаларига келадиган бўлсак, бундан ҳам каттароқ Европадаги компанияда ишлаб тажриба орттириш имконияти туғилса, албатта, имкониятдан фойдаланган бўлар эдим. Чунки қанча кўп амалиёт ўтасангиз, шунчалик етилиб бораверасиз.
Келажакда соҳангиз доирасида қандай орзу ва режаларингиз бор? Балки, ўз шахсий брендингизга асос соларсиз?
Менимча, ҳар бир дизайнернинг энг катта орзуси ўз брендига эга бўлиш бўлса керак.
Ўзбекистонда дизайнерлик соҳаси, дизайнерлар ҳақида фикрингиз қандай ва дизайнер бўлиш истагида бўлган ёшлар ва тенгдошларингизга маслаҳат ва тилакларингиз?
Ўзбекистонда ҳам кучли салоҳиятга эга дизайнерлар етарлича топилади. Лекин, афсуски, уларнинг деярли кўпчилиги бугун ателье форматида фаолият юритмоқда. Дунё бозорига чиқиш деган тушунча ҳали Ўзбекистонга кириб келмади. Борлари ҳам бармоқ билан санарли даражада. Биз моддий ва маданий тарафлама бой халқмиз. Бизнинг ўз бичимларимиз, ўз матоларимиз ва жозибали имижимиз бор. Лекин ҳалигача дунёга фақат хом ашё етказиб берадиган давлат сифатида қолмоқдамиз. Назаримда, ҳукумат томонидан ҳам бу соҳа ривожи учун етарли даражада эътибор берилмаётгандек (бошқа соҳаларга ҳам). Дизайнер бўлиш қийин ва жуда ҳам қиммат! Дунё миқёсида дизайн соҳаси энг қиммат таълим йўналишларидан биридир. Ўқиш даврида ҳам талабалар бошқа соҳаларда ўқиганга қараганда икки баробар кўпроқ харажат қилишларига тўғри келади: сиз ҳар бир имтиҳонда тайёрланиш керак бўладиган вазифалар учун ўзингизнинг ҳисобингиздан матолар олишингиз ва бошқа турли харажатлар қилишингиз керак бўлади. Қолаверса, ўша таълим муассасасини битирганингиз сизнинг омадингизни ва муваффақиятингизни кафолатлаб бермайди. Шунинг учун бера оладиган бирдан-бир маслаҳатим — ўқинг! Ўз устингизда ишланг. Амалиёт қилишдан чарчаманг. Тоққа ҳам бир қадам билан чиқилмайди. Асосийси — мақсадни катта қўйиш. Дизайнерлик бу бозордан 3 метр матони сотиб олиб, бичиб-тикиб, иккита гулни ёпиштириб қўядиган чеварликдан тубдан фарқ қилади. Ҳозирги кунда дизайнерлар ахборот технологиялари билан ҳамоҳанг ишлай олиши (ўзим ҳам ишда кўп вақтимни компьютер қаршисида ўтказаман), бир нечта тилни билиши ва соҳа сир-асрорларидан профессионал даражада хабардор бўлиши шарт.
Мароқли суҳбат учун ташаккур. «Bugun.uz» жамоаси ҳамда мен Дилбар Исматуллаева сизга кейинги меҳнат фаолиятингизда ҳам зафарлар тилаймиз. Ўз брендингизга тез орада асос солишингизга ва ўзбек дизайн саноати обрўсига обрў қўшишингизга тилакдошмиз!
Дилбар Исматуллаева суҳбатлашди