21:02 | 20.01.22 98

Ўзбекистонда истеъмолчилар 2021 йилда энг кўп қайси соҳа бўйича шикоят қилгани айтилди

Жами мурожаатлар сони 11 мингдан ортиқни ташкил этган

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 2021 йил давомида фуқаролардан жами 11 минг 220 та мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, мазкур ариза ва шикоятларнинг 91,4 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 20 393 651 249 (йигирма миллиард уч юз тўқсон уч миллион олти юз эллик бир минг икки юз қирқ тўққиз) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.

Федерация ва унинг ҳудудий ижро органлари томонидан истеъмолчилардан тушган 30 та мурожаат асосида истеъмолчиларнинг манфаатини кўзлаб суд органларига даъво аризаси киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 1 365 075 465 (бир миллиард уч юз олтмиш беш миллион етмиш беш минг тўрт юз олтмиш беш) сўм моддий ва маънавий зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Истеъмолчилардан келган шикоятларнинг энг кўпи, яъни:

  • 4241 таси (37,8 фоиз) савдо;
  • 1617 таси (14,4 фоиз) газ таъминоти;
  • 1150 таси (10,2 фоиз) электр таъминоти;
  • 536 таси (4,8 фоиз) сув таъминоти;
  • 363 таси (3,2 фоиз) коммунал хизмат;
  • 134 таси (1,2 фоиз) соғлиқни сақлаш;
  • 923 таси (8,2 фоиз) хизмат кўрсатиш (сервис);
  • 276 таси (2,5 фоиз) транспорт;
  • 369 таси (3,3 фоиз) алоқа (ва интернет);
  • 1612 таси (14,4 фоиз) эса бошқа соҳаларга тўғри келган.

«Ҳурматли истеъмолчи, агарда сизнинг ҳуқуқларингиз бузилса, 1091 ишонч телефони ва ‘@PotrebitelUz_bot’ орқали мурожаат қилишингиз мумкин», дейилади хабарда.

Аввалроқ ҳам 2021 йилнинг 9 ойи давомида истеъмолчилардан қайси соҳа бўйича кўпрок мурожаат тушгани маълум қилинганди. Унга кўра, келиб тушган мурожаатларнинг 3272 таси (37,7 фоиз) савдо соҳасига тўғри келган.