Президент Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилди
Шавкат Мирзиёев раислигида давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор бошланди. Унда Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Таъкидланишича, давлат раҳбари давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар суръати қониқарсиз эканини таъкидлаган. 2022 йилда давлат активларини хусусийлаштиришдан тушиши прогноз қилинаётган маблағлар кўрсаткичи жуда камлиги, тармоқ ва ҳудудларда ҳанузгача 2 мингта самарасиз ишлатилаётган давлат мулки объектлари мавжудлиги кескин танқид остига олинган.
Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам йиллар давомида 170 га яқин бўш объектлар сотилмасдан тургани айтилган. Шунинг учун Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмоновга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинган.
Шунингдек, Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқларини ишдан олиш, трансформация ва хусусийлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун «Ўзагросервис» жамияти раиси Р.Ҳайитовга ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилган.
Аввалроқ Сирдарёда 5 та туман ва 2 та шаҳар ҳокимига ҳайфсан берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмонов иш фаолияти давомида ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйгани учун барча ҳокимларга ҳайфсан ва жарима жазоларини белгилаган.