Рекорд даражадаги шов-шув: 1992 йилда аниқланган 13 тоннали наркотрафик тафсилотлари
Давлат хавфсизлик хизмати собиқ полковниги 1992 йилда аниқланган рекорд даражадаги шов-шувли наркотрафик ҳақида гапирди.

Маълум қилинишича, 1992 йил 8 октябрь куни Афғонистондан Термизга 30 тоннага яқин транзит кириб келган. Қуритилган майиз жойлаштирилган қутилар божхона текширувидан ўтказилган. Ҳужжатларда кўрсатилишича, бу маҳсулот собиқ иттифоқ давлатлари, Бельгия, АҚШдан ўтиб, Канадага етиб бориши керак бўлган.
Контейнерларни текшириш пайтида майиз қутилари орасида ғишт шаклида тахланган гашиш наркотик моддалари топилган. Жами 1305 дона бир килограмли қутида 13 тонна 50 килограмм гашиш моддаси топилган.
Термиз божхонаси 12 октябрь куни Жиноят кодексининг 69-моддаси (Контрабанда) асосида жиноят иши очган ва тергов ишларини давом эттириш учун ДХХга юборган. Ишни истеъфодаги полковник Эркин Абдуллаев қабул қилиб олган.
«Ҳали бундай йирик миқдорда тақиқланган моддалар қўлга киритилмаган. Дарвоқе, америкаликлар 1992 йилги Термиз воқеасини ‘Гиннесс рекордлари китоби’га киритиш тўғрисида тақдимнома киритишга ваъда берган эди. Афсуски, бу қуруқ гап бўлиб қолиб кетган», — дейди собиқ ходим.
Аввалроқ Тошкент вилоятидаги божхона постида 156 килограмга яқин гиёҳванд модда ортилган юк машинаси тўхтатиб қолинганди. Шунингдек, Тошкентнинг Сергели туманидаги заводлардан бирида 1,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилгани маълум қилинганди.