Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан телефон орқали гаплашди
Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, суҳбат давомида Ўзбекистон–Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилган.
Ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида амалий ҳамкорлик кўламининг кенгайишига хизмат қилаётган кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланган. Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашиб, биргаликда муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.
Етакчилар яқинда ўтган ҳукуматлараро музокараларнинг натижаларини юксак баҳолаб, икки биродар мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш муҳим эканини қайд этган. Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари минтақа кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатлари юзасидан фикр алмашган. Бўлажак учрашув ва тадбирлар режаси муҳокама қилинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали суҳбатлашгани хабар қилинган.