Туркманистон президенти қурилиш объектларига талабаларни жалб қилишни буюрди
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ахал вилоятининг янги пойтахти қурилиши билан танишиб, талабаларни қурилиш объектларига жалб қилишни буюрди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Маълум қилинишича, қурилиши 2019 йилда бошланган янги шаҳарнинг жойлашуви ҳар жиҳатдан шаҳарсозлик дастури талабларига тўлиқ жавоб беради. Бердимуҳамедов қурилиш қопламалари, скамейкалар, ёритиш устунлари, стадион ўриндиқлари, 40 метрлик Ахал ёдгорлиги, автобус бекатлари, ички ва ташқи макон дизайнини, турли бинолар ва меҳмонхоналар номини тасдиқлаган.
Шундан сўнг у шаҳар қурилишига алоқадор бўлган бош вазир ўринбосарлари ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказган. Президент янги вилоят марказини қуриш икки босқичда режалаштирилганини таъкидлаган. Биринчисида бу ерда 336 та объект, жумладан, 11 та давлат ва 26 та маъмурий бино, 19 та таълим муассасаси, 258 та икки ва кўп қаватли турар жой биноси, 8 та тиббиёт ва спорт иншооти, 14 та ички ва ташқи муҳандислик тизими ва иншоотлари қурилади.

Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, давлат томонидан янги шаҳар қурилиши учун барча шароит яратилган. Пудратчи ва субпудратчилар божхона тўловларидан озод этилган. Шунингдек, уларга турар жой бинолари қуриш бўйича шартнома суммасининг зарур қисмини молиялаштириш учун имтиёзли муддат билан кредит ажратилган.
Таъкидланишича, йиғилиш давомида Турманистон президенти мамлакатдаги олий ўқув юртлари талабаларини қурилиш ишларига жалб қилиш бўйича топшириқ берган.
Аввалроқ Туркманистонда ўқитувчиларнинг президент шеърини қай даражада билиши текширилганди. Шунингдек, мамлакатда келин-куёв Бердимуҳамедов қўшиқларидан бирига рақс тушиши кераклиги ҳақида хабар берилган.