Туркманистон туркман–ўзбек чегара зонаси ҳақидаги келишувни ратификация қилди
Туркманистон Ўзбекистон билан туркман–ўзбек чегара зонасини яратиш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича 2021 йилнинг октябрь ойида Тошкентда имзоланган келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» хабар берди.

Маълум қилинишича, тегишли фармонни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов имзолаган. Туркман–ўзбек чегарасидаги савдо зонасини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги битим икки давлат президентларининг 2021 йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган музокараси якунлари бўйича имзоланганди.
Ҳужжат қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудлари — Лебап ва Бухоро вилоятлари, шунингдек, Тошҳовуз ва Хоразм вилоятлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтиришга қаратилган. Таъкидланишича, сўнгги 4 йил ичида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошган, 2021 йилда эса 65 фоизга ошиб, қарийб 880 миллион долларни ташкил этган.
Аввалроқ Қирғизистон президенти ўзбек–қирғиз тараққиёт жамғармасини тузиш тўғрисидаги битимни ратификация қилганди.