Таҳлил - 20:00 · 21.01.2022

«Кўпроқ классик адабиёт намуналарини таржима қилиш мақсадга мувофиқ». Ўзбек таржимонлари соҳадаги жараёнлар ҳақида

Сўнгги йилларда Ўзбекистон китоб дўконларида жаҳон адабиётининг кўплаб асарлари таржимаси кўпайиб бормоқда. Айниқса, кўплаб янги нашриётлар, асосан, турли таржима асарларни китоб ҳолида нашр этиб келмоқда. Бундай асарларнинг кўпайгани яхши, албатта. Аммо бу борада қилинаётган ишлар ҳали ҳам қониқарли эмас, кўплаб жаҳон адабиётининг дурдона асарлари ҳали таржима қилинмаган, янги таржима асарларда эса китобхонни қийнайдиган кўплаб хатолар ҳам учраётгани сир эмас. Биз шу каби масалалар юзасидан 2 нафар таржимонга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Биринчи суҳбатдошимиз — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир ва таржимон Абдуҳамид Пардаев. Тажрибали таржимон Ницшенинг «Зардўшт таваллоси» асари, Стефан Свейг романлари, Эрих Фром ва Хосе Ортегаларнинг муҳаббат ҳақидаги кўплаб рисолалари таржимони сифатида танилган. Иккинчи суҳбатдошимиз ҳам ҳали ёш бўлишига қарамай ўзининг таржималари билан китобхонлар эътирофига савозор бўлмоқда. Эндигина 24 ёшга қадам қўйган Аҳрор Шариф хориж бестселлери бўлган Марк Менсоннинг «Ҳаммаси расво», Малала Юсуфзайнинг «Мен Малаламан» ва Питер Тилнинг «Нолдан биргача» каби асарларни ўзбек тилига таржима қилган. 

Қуйида сиз уларнинг таржима соҳаси борасидаги фикрларини ўқишингиз мумкин.

Бугун Ўзбекистонда китоблар таржимаси соҳасидаги ишларга қандай баҳо берасиз? Сўнгги пайтларда ўзбек тилида таржима асарлар кўпаяётгани ижобий ҳолат дейиш мумкинми, уларнинг сифатига қандай қарайсиз?

Фото: Шахсий архивдан

Абдуҳамид Пардаев: Албатта, ижобий баҳолайман. Кейинги пайтда ўзбек тилида таржима асарлар ҳақиқатдан ҳам кўпайиб боряпти. Дейлик, совет даврида аксарият бадиий адабиёт намуналари ўзбек тилига таржима қилинган бўлса, кейинги ўттиз йилда, айниқса, яқин тўрт-беш йил ичида турли соҳаларга оид асарлар ўзбек тилига таржима қилинди. Бу борада биринчидан, «Жаҳон адабиёти» сингари давлат нашрларидаги ишларни ижобий баҳолаш керак. «Ўзбекистон» нашриёти рус адабиётининг юзта намунасини шу кунларда ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилмоқда. Лекин бу асарлар кенг китобхонлар оммасига эмас, муайян вазирлик томонидан маълум билим юртларига тарқатилаётгани ачинарли ҳолат. Бундай асарлардан, албатта, кенг жамоатчилик баҳраманд бўлиши керак. Қолаверса, «Asaxiy» фирмаси ҳам турли адабиётларни ўзбек тилига таржима қилишдек яхши ташаббусни бошлади ва бу иш давом этмоқда. Учинчидан, айрим ташаббускор гуруҳлар ҳам турли тиллардан ўзбек тилига таржима билан шуғулланаётгани қувонтиради.

Таржима — давлат аҳамиятига молик иш. Бинобарин, бу ишни давлат ўз назорати остига олиши, таржима ишини кенг кўламли йўлга қўйиши, рағбатлантириши ҳам зарур. Аксинча, юқоридаги каби айрим ёндашувлар билан бу ишда керакли натижага эришиб бўлмайди. Туркия ҳали ўн тўққизинчи асрдаёқ таржима ишига давлат даражасида аҳамият берган. Шунинг натижасида турк ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳам, қолаверса, турк адабиёти ҳам йигирманчи асарда гуллаб-яшнади ва илк турк адиби Нобель мукофоти билан тақдирланди. «Нега ўзбек адиблари Нобель мукофоти олмайди?» маъносидаги саволларни кўп эшитамиз. Бунинг учун жаҳон адабиётининг турли соҳаларга оид энг йирик асарлари ўзбек тилига таржима қилинган бўлиши керак.

Давлат даражасида Таржима кенгаши каби ташкилот тузилса, кейинги пайтда телевидениеда кўплаб таржима қилинаётган кинофильмлар сифатини назорат қилиш ҳам осонлашган бўларди. Ҳолбуки, айниқса телевидениедаги айрим фильмларнинг таржималари талаб даражасида эмас.

Фото: Шахсий архивдан

Аҳрор Шариф: Охирги 1–2 йилда китоб таржима қилиб, сотиш бизнеси анча авж олгани қувонарли ҳол, лекин айрим қўштирноқ ичидаги нашриётлар сон кетидан қувиб, сифатни унутиб қўяётгани ачинарли. Бир сўз билан айтганда, сифатсиз маҳсулот истеъмолчиларга «едирилиб», китобхонларнинг диди ва савиясини ўтмаслаштириб қўймоқда. Соҳага пул учун кириб келиб, «Google таржимон» (Google-translate орқали «таржима» қиладиган шахслар)лар томонидан «тайёрланган» китобларни тушунаман, лекин бир неча йилдан бери соҳада фаолият олиб бораётган тажрибали таржимон ва муҳаррирлар ҳам шошганича жиддий хатоларни ўтказиб юбормоқда. Агар шу кетишда кетадиган бўлса, китобхонларнинг сифатсиз таржималардан ҳафсаласи пир бўлиб, тағин китоб ўқимай қўйишлари мени хавотирга солади. Таржима китоблар кўпайгани яхши, лекин, аввало, сифатга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Таржима жараёнидаги асосий қийинчиликлар нималардан иборат? Одатда асарларни қай усулда таржима қиласиз?

Абдуҳамид Пардаев: Таржима жараёнидаги асосий қийинчилик — таржима меҳнатига тўланадиган ҳақнинг муаммо экани. Агар таржимага оид давлат ташкилоти тузилса, бу масала ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Машаққатсиз ҳунар йўқ. Яхши таржимон бўлиб етишиш учун, албатта, олий маълумотли бўлиш, олдинига камида тўрт-беш йил қаттиқ меҳнат қилиш керак. Қолаверса, рисоладагидек таржимон бўлишнинг ўзи бўлмайди. Назаримда, бу борада нафақат қаттиқ меҳнат, балки туғма салоҳият ҳам талаб қилинади. Мен кўпроқ публицистик ва бадиий адабиётларни таржима қилишга ихтисослашганман. Бинобарин, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига оид адабиётларни таржима қила оладиган ўз мутахассислари бўлиши керак. Ихтисослашиш натижасида таржимон деярли қийинчиликка учрамайди. Шу ўринда таржимонга луғатлар сув ва ҳаводек зарур, яхши луғатлар етишмагани сабабли «Қутадғу билиг» ва Навоий асарларини таржима қилишда қийналганман.

Аҳрор Шариф: Бир китобни бошқа тилдан ўзбек тилига таржима қилиш — қийин жараён. Бунинг учун фақат тилни билишнинг ўзи камлик қилади. Китоб таржимасига киришишдан олдин, албатта, асар қаҳрамонининг шахсиятини таҳлил қиламан, у яшаётган мамлакат ҳамда атрофидаги одамларни яхшилаб ўрганаман. Бу асар колоритини сақлаб қолган ҳолда ўзбек тилига ўгиришда муҳим аҳамият касб этади. Таржимага киришганимдан сўнг эса асар ичидаги воқеалар ичига шўнғиб кетаман. Асар қаҳрамони кулса куламан, йиғласа йиғлайман. Таржима тугалланганидан сўнг эса қаҳрамонлар билан хайрлашиш оғир кечади. Шу боис яқинларимга ҳазиллашиб, Малала («Мен Малаламан») қизим, Ишмаел («Эртага ўлдиргани бораман») ўғлим деб айтаман.

Келажакда қайси асарларни таржима қилишни истар эдингиз? Умуман, қандай адабиётлар ўзбек тилига таржима қилиниши керак деб ҳисоблайсиз?

Абдуҳамид Пардаев: Юқорида айтганимдай иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий, адабий-бадиий ҳаётнинг турли соҳаларига оид салмоқли асарларнинг аксарияти ўзбек тилига таржима қилиниши керак. Бу борада муайян вазирликлар ўз соҳаларига оид энг янги асарлар билан китобхонлар оммасини таништириб боришни йўлга қўйса, нур устига нур бўларди.

Мен ўзим нисбатан яхши биладиган бадиий адабиётлар масаласига келсак, биринчи галда Сервантеснинг «Дон Кихот» асарини тўла ўзбек тилига таржима қилган бўлардим. Жаҳон адабиётининг бу шоҳ асари қисман таржима қилинган. Агар бу асарни бевосита испан тилидан ўзбек тилига таржима қиладиган таржимон топилса, яна ҳам яхши бўларди. Бу каби асарлар кўп. Дейлик, Нобель мукофоти олган адибларнинг йирик асарларини, албатта, ўзбек тилига таржима қилиш зарур. Француз адабиётидан Марсель Прустнинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинмагани ачинарли ҳолат. Фолкнернинг романлари ҳам ўз таржимонини кутмоқда. Хуллас, таржима соҳасида қилинадиган ишлар ҳам бисёр.

Аҳрор Шариф: Ўзбек тилига таржима қилинмаган классик асарларни таржима қилишни дилимга тугиб қўйганман. Бальзакнинг «Инсоният комедияси» эпопеясининг тўлиқ вариантини ўзбек тилига таржима қилиш — энг катта орзум. Шунингдек, Ромен Ролланнинг «Жан Кристоф» асарини ҳам таржима қилишни истайман. Ҳозир талаб кучли бўлган китоблар бозор муносабатлари асосида шундоқ ҳам таржима қилиниб нашр қилинади, лекин классик асарларга талаб кам бўлгани боис бу асарларни таржима қилишга нашриётлар буюртма беришмайди. Лекин ишонаманки, келажакда жаҳон классикасининг нодир дурдоналари ҳам ўзбек тилига таржима қилинишига давлат томонидан эътибор қаратилишини умид билан кутаман.

Юқоридаги фикрлардан ҳам маълумки, ҳали таржима борасида эътибор берилиши керак бўлган жиҳатлар кўп. Жаҳон адабиёти мумтоз асарлари таржималари кўпайишига кўпроқ аҳамият бериш лозим. Бундай асарларни таржима қилувчилар эса рағбатлантириб борилса, мақсадга мувофиқ. Шунингдек, таржималар сифатининг яхшиланиши, таржимонлар иши янада осонлашиши учун турли ихтисослашган луғатлар ҳам талаб этилади. Ана шунда йилдан йилга сифатли таржима асарлар мутолаасидан баҳраманд бўлсак не ажаб.

Ўктам Ўринтоев суҳбатлашди