Миразиз Бозоровга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди
Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида 20 январь куни блогер Миразиз Бозоровнинг жиноят иши кўриб чиқилгани хабар қилинганди. Олий суд ахборот хизмати блогерга нисбатан эълон қилинган суд ҳукми ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи Миразиз Бозоров (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинган. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси С. Содиқов раислигида кўриб чиқилган.
Таъкидланишича, эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Миразиз Бозоров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
«Мазкур ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар томонидан эса уларга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ЛГБТ ғояларини тарғиб қилгани айтилган блогер Миразиз Бозоров Тошкент шаҳар Миробод туманида 28 март куни номаълум шахслар томонидан калтакланганди. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир: Абдураҳмон Ташановдан Аброр Мухтор Алийгача: судда иштирок этаётганлар маълумот берди — видео
Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Бозоровнинг ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлари юзасидан муносабат билдирган. 2021 йил 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза келиб тушган бўлиб, унда Миразиз Бозоров интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб, туҳмат қилгани, миллий анъаналарни оёқости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган.