Янгиликлар - 9:22 · 21.01.2022

Алишер Усмонов «янги олтин»га айланадиган металл номини маълум қилди

«USM» гуруҳи асосчиси Алишер Усмонов Жаҳон иқтисодий форуми веб-сайтидаги мақоласида мис глобал энергетика тизимида муҳим роль ўйнашини маълум қилди.

Фото: «Bloomberg»

Мақолада Усмонов Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига иқтибос келтирган, унга кўра, 2040 йилга бориб тоза энергия технологияларида қўлланадиган минерал ва металлар орасида мис, никель ва графитга талаб юқори бўлади. Бу вақтга келиб мисга талаб 2020 йилга нисбатан 2,7 баробар ошади.

«Мис кўпинча ‘янги олтинʼ, ‘янги нефтьʼ ҳатто ‘келажак металиʼ деб номланади, чунки у паст углеродли иқтисодиёт ва юқори технологияли саноатда ажралмас роль ўйнайди. Ушбу металл қайта тикланадиган энергия технологиялари учун ҳам муҳим бўлади», — деб ёзади миллиардер.

Шу билан бирга, «USM» (металлургия ва тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва технологиялар соҳасидаги активларни бошқарадиган диверсификацияланган рус холдинги) асосчиси яқин йилларда мисга бўлган талаб металл нархининг ошишига олиб келгани ва келажакда у таклифдан ошиб кетиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Мис танқислигининг олдини олиш учун геологоразведка ва янги лойиҳаларга сармоя киритиш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва маҳсулдорликни ошириш учун технологияларни ишлаб чиқиш керак», — деган Усмонов.

Маълумот ўрнида, Жаҳон банки 2020 йил май ойида 2050 йилга бориб тоза энергия технологияларига ортиб бораётган талабни қондириш учун мис, графит, литий ва кобальт каби минералларни ишлаб чиқариш деярли 500 фоизга ошиши мумкинлиги ҳақидаги ҳисоботини тақдим этган.

Аввалроқ Алишер Усмоновнинг «Капиталбанк»даги улуши ошгани ва у йил бошидан буён қанчага бойигани маълум қилинган.

Bugun — LIVE