Бугун оқшоми. Пора билан қўлга тушган прокурор, онлайнга ўтказилмаётган боғчалар, «янги олтин»га айланадиган металл
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
1 февралдан таълим тили рус бўлмаган умумтаълим муассасаларида ишлаётган, С1 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади.
Қайд этилишича, қўшимча ҳақ ўз вақтида тўлаб борилишини таъминлаш бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмаларига вазирлик кўрсатма берган.
ДХХ Фарғонада прокурорни 1000 доллар пора билан кўлга олди. 18 январь куни ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Фарғона вилояти прокуратураси бўлими катта прокурори А.Т. пора билан ушланган.

А.Т. фуқаро А.Х.дан унга тегишли бўлган гўшт дўкони орқа томонидан 1,5 сотих ер майдонини 1000 доллар эвазига номига ўтказиб беришини айтан. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов ишдан кетди. «Kun.uz» нашрининг хабар беришича, у фаолиятини қаерда давом эттириши бўйича маълумот йўқ.
Маълумот ўрнида, Абдулла Азизов 1981 йилда туғилган. У 2003 йил Япониянинг Нагоя университетида иқтисодиёт йўналишида, 2004 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетида таҳсил олган.
Шунингдек, собиқ вазир ўринбосари 2006 йил Даниянинг Орхус университетида молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган. 2006 йилда Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган. Қолаверса, Абдулла Азизов 2006–2019 йилларда Даниядаги қатор нуфузли компанияларда масъул лавозимларда ишлаган.
Ўзбекистонда боғчалар онлайн таълимга ўтказилмайди. Ота-оналар хурсанд. Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ёпилиши режалаштирилмаган. Бунга сабаб оилада фарзандга қарайдиган киши бўлмаса, ота-она уйда ўтиришига тўғри келади.

«Карантин қоидалари республика бўйича кучайтирилгани билан давлат ташкилотларининг иш фаолияти тўхтатилмаган. Бу бевосита болалар билан боғлиқ, чунки ташкилотлар ёпиладиган бўлса, оилада фарзандга қарайдиган киши бўлмаса, ота-она уйда ўтиришига тўғри келади.
Қайсидир гуруҳда коронавирус аниқланса, ўша гуруҳ 14 кунга ёпилади ва ундан кейин ўз фаолиятини давом эттиради», — дейди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.
«USM» гуруҳи асосчиси Алишер Усмонов Жаҳон иқтисодий форуми веб-сайтидаги мақоласида мис глобал энергетика тизимида муҳим роль ўйнашини маълум қилди.
«Мис кўпинча ‘янги олтинʼ, ‘янги нефтьʼ ҳатто ‘келажак металиʼ деб номланади, чунки у паст углеродли иқтисодиёт ва юқори технологияли саноатда ажралмас роль ўйнайди. Ушбу металл қайта тикланадиган энергия технологиялари учун ҳам муҳим бўлади», — деб ёзади миллиардер.
Шу билан бирга, «USM» (металлургия ва тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва технологиялар соҳасидаги активларни бошқарадиган диверсификацияланган рус холдинги) асосчиси яқин йилларда мисга бўлган талаб металл нархининг ошишига олиб келгани ва келажакда у таклифдан ошиб кетиши мумкинлигини таъкидлаган.
«Мис танқислигининг олдини олиш учун геологоразведка ва янги лойиҳаларга сармоя киритиш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва маҳсулдорликни ошириш учун технологияларни ишлаб чиқиш керак», — деган Усмонов.
Бошқа хабарлар пунктларда:
- Ўзгаришсиз қолган асосий ставка, муомалага киритиладиган 200 минг сўмлик ва тангага айланадиган 1000 сўмлик банкноталар ;
- «Фақатгина билимлар ҳаётларни сақлаб қолиши мумкин» — Жамила Пўлатова;
- Фақат «кузов», «Gentra No Insof Edition», рақибларнинг вазиятдан фойдаланиши — «UzAuto Motors» магнитоласиз машиналарининг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаси.
Хўш, оламда нима гап?
Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналиши Мозори Шариф (Балх), Бағлон ва Бомиён вилоятлари орқали ўтади. Маршрутнинг Парвон вилояти орқали Кобулга, у ердан Жалолобод ва Торхам назорат пунктидан ўтадиган қисми аллақачон келишилган.

19 январь куни Нур-Султон шаҳри Есил тумани миграция полицияси идорасида ҳужжатсиз ушланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида маълумот келиб тушган. Ушбу маълумотга кўра, туман миграция полицияси идорасига бориб, 18 нафар Ўзбекистон фуқароси билан учрашилган. Уларнинг паспорти борлиги, аммо вақтинчалик рўйхатга туриш муддати тугагани ва ишлаш учун рухсатномаси йўқлиги маълум бўлган.