Бухорода пора эвазига 50 гектар ер олиб бермоқчи бўлган муҳандис ва бош мутахассис ушланди
Бухоро вилояти Когон туманида фуқарога 50 гектар ер олиб беришни ваъда қилган муҳандис ва бош мутахассис ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Давлат кадастрлари палатасининг Когон тумани филиали муҳандиси Ф.Х. ва туман ҳокимлиги бош мутахассиси С.Р. фуқаро А.нинг ишончига кириб, пора беришга далолат қилиб, унга захирадаги ер майдонидан 50 гектарини ажратиб бериш эвазига 600 доллар ва 1,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.
Аввалроқ ДХХ Фарғонада прокурорни 1000 доллар пора билан кўлга олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йилда қанча мансабдор жиноий жавобгарликка тортилгани айтилган.