Таҳлил, Янгиликлар - 13:10 · 21.01.2022

Фақат «кузов», «Gentra No Insof Edition», рақибларнинг вазиятдан фойдаланиши — «UzAuto Motors» магнитоласиз машиналарининг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаси

«UzAuto Motors», «UzAuto Motors»жоним, «UzAuto Motors»қизғалдоқ!

Номаълум муаллиф

Хабарингиз бор (агар бўлмаса, сиз бахтли инсонсиз), шу йилнинг 19 январидан бошлаб «севимли» «UzAuto Motors» «Lacetti» ва «Cobalt» машиналарини магнитоласиз етказиб берадиган бўлди. Бу дегани, энди ушбу машиналарда «колонка» бўлади, лекин унда ҳеч нарса эшитолмайсиз, токи ўзингиз қўймагунча ёки компаниянинг магнитола етказиб берувчиси микросхемалар инқирозидан чиқмагунича.

Коллаж: «Bugun.uz»

Ўзбекистонлик монополистнинг бу қарорга келишига сабаб унга магнитола етказиб берувчи (бутун дунёда кузатилаётгани каби) микрочиплар етишмовчилигига дуч келганидир. Компаниянинг шунча хурмача қилиқларига чидаб келган халқ бунисига ҳам чидади, лекин ижтимоий тармоқлардаги шовқин бир мунча баландроқ кўтарилди.

Ахир, тасаввур қилинг, (тиктокерлар таъбири билан айтганда, «котта бола» бўлиш учун) янги «Gentra» сотиб оласиз, лекин анча йиллар олдин ишлаб чиқарилган, таксида юриб, анча-мунча «соққани ҳам қилган» «Матиз» ёнингиздан мусиқани баланд қилиб ўтиб кетади. 10 минглаб долларга сотиб олиб, машинани «одам қилиш учун» устига яна минглаб доллар пул сарфлайсизу, компания уни магнитофонсиз беради. Алам қилади-ку, тўғрими?!

Қуйида худди шундай «аламзада», кулги устида ёки шунчаки муносабат тариқасида ёзилган постларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Кулинг, фақат йиғламанг (ёки тескариси).

Тўпламни рамзий маъно бериш мақсадида анчадан бери компания билан тортишиб юрадиган, доим уни танқид остига оладиган «Troll.uz» пости билан бошлаймиз. Блог асосчиси Умид Ғофуров «UzAuto»нинг бу қарорига ўзининг янги вариантдаги машинаси билан жавоб берди. Унинг айтишича, яқинда шундай «Gentra»лар сотувга чиқармиш. Унинг номи ҳам тайёр: «Gentra: No Insof Edition».

Фото: Telegram / @trolluz

«Капгир» Telegram канали муаллифи эса «Troll» таклиф қилган вариантнинг аксини намойиш этди. Яқин орада «кузов» етишмовчилиги ҳам бошланиши мумкин, андижончасига айтганда, «билбўметта».

Магнитофонсиз машиналар қандай бўлиши ҳақида Оскар сурат қолдирган. Балки, «UzAuto Motors»нинг ўзига «Оскар» бериш керакдир!

Жиддий муаммо — жиддий пост (худди, жиддий пост жиддий муаммо бўлгани каби). Блогер «bakiroo»нинг нега компания фақатгина битта етказиб берувчи билан ишлаши, нега бошқа муқобил етказиб берувчилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаганига боши қотган.

«Раис бува»нинг постини улашишга жуда ўйландик: компаниядагилар бу постни кўриб қолиб, шу «инновация»ни жорий қилиб юборса, нима бўлади?!

Юқорида бекорга «котта болла»ни эсламадик. Афтидан, «Gentra» уларга янада қулайлик ва «понт» яратиш мақсадида шу қарорга келган, микросхемалар етишмовчилиги бир баҳона, холос. «‘Котта боллаʼ энди мазза қилиб кофе ичиб юраркан-да», деб ҳазиломуз ёзади, «Oper Uz» канали админлари.


Магнитофонсиз машиналар ўз йўлига, нoстальгия қилишга нима дейсиз? Бу канал админлари ҳам, шунчаки, ёшликни эслаш учун ушбу постни қўйган, тагидаги ёзувлари эса, шунчаки, тасодир. Шундай бўлса, қани энди. «Ну, погоди»ни бу саҳнасини кўрмаган инсон бўлмаса керак-а?! Қайтарамиз, бу постни «UzAuto Motors»га алоқаси йўқ (шекилли).

Стендап комик Миршакар Файзуллоевда янги «Gentra» бўйича махфий маълумотлар бор экан! Унинг номи — «Gentra Free Style». Уни хоҳлаганча безатиш мумкин бўлади. Фақат янги машинани ҳам кутишга тўғри келаркан (бу қисмига халқ ўрганиб кетган, тўғри).

Бизда фақат Telegram эмас, бошқа платформалар фойдаланувчилари ҳам бу муҳокамада актив қатнашмоқда.

Масалан, журналист Муслим Мирзажонов ўз Facebook саҳифасида компанияга фақатгина калитни ўзини ишлаб чиқаришни маслаҳат берди.

Ҳамкабсларимиз — «Qalampir.uz» журналистлари ушбу хабарга бошқачароқ ёндошибди. Сарлавҳа ҳам ажойиб: «Баттар бўлайлик! ‘УзАуто Моторс’ машиналарни ‘магнитофон’сиз чиқармоқчи».

Автомобилни ўзингиз йиғишга нима дейсиз? Беҳзод Отажонов исмли фойдаланувчи «UzAuto»га дунёга машҳур мебелсоз IKEA каби ишлашни тавсия қилди. «Автомобилингизни ўзингиз йиғинг». Лекин компаниянинг бирдан-бир қиладиган иши шу — машинани йиғиш. Энди шуни ҳам эплай олмаса, билмадим, билмадик, халқ ҳам билмайди, балки компаниядагилар ҳам билмас.

Twitter фойдаланувчилари ҳам бу борада анча фаол бўлди. Гарчи платформа Ўзбекистонда блокланган бўлса-да, унинг фойдаланувчилари ҳар қандай мавзуда фаол. Ҳатто Twitter «блок» бўлганини ҳам айнан шу ерда муҳокама қилишган. Лекин гап бу ҳақда эмасди, мақсадимиздан чалғимаймиз.

«UzAuto Motors»нинг бу қароридан сўнг унинг рақиблари интернет саҳифаларида вазият билан боғлиқ постлар қолдира бошлади. Масалан, «LADA»нинг расмий импортёри саҳифасида уларнинг машиналари ҳар доим магнитолали бўлиши «пичинг» қилинган.

Фото: Instagram / @lada_uzbekistan

Яна бир дунёга машҳур бренд — «Renault»нинг расмий импортчисининг Instagram саҳифасида уларнинг харидорлари ҳеч қачон магнитоласиз қолмаслиги ёзиб қолдирилган. Вазият маркетингига ажойиб мисоллар.

Фото: Instagram / @renault.uz

Дайжест якунида озроқ Instagram аҳли ижодидан наъмуналар қолдирамиз.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Алихонов Тимур🍼 (@alixonov__timur)

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ҳам карикатураси билан ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Bugun — LIVE