Таҳлил - 19:15 · 21.01.2022

«Масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?» — «Sevimli»даги сериаллар муҳокама марказида. Ким нима дейди?

Бундан бир неча кун олдин «Sevimli» телеканалида эфирга узатилган «Сабрия» сериалининг қисқа ахлоқсизлик саҳналари бутун ўзбек интернет аудиториясини «портлатиб» юборди. Тармоқларда кўтарилган резонансдан сўнг «катта»лар ҳам бирма-бир реакция билдиришни бошлади. АОКА ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлаб юборди (ҳали якунига етгани йўқ).

Бу ҳолат келиб чиқиши ҳақида қисқача: «Sevimli» телеканалида аёлни зўрлаш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик саҳналари кўрсатилган. Ҳаммаси шундан бошланди, лекин сериалнинг ўша жойидан кесилган видеони ҳавола этолмаймиз.

Расмийларнинг муносабати

Телеканалдаги ушбу ҳолат юзасидан АОКА ўрганиш ишларини бошлаганидан сўнг Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева бу бўйича ўз муносабатини эълон қилди.

Мирзиёеванинг сўзларига кўра, «Сабрия»да умуман бадиий савия йўқ ва унинг ижодкорлари фақат эркаклардан иборат.

«Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман», — дея фикр билдирган фонд раиси ўринбосари.

Саида Мирзиёева сериалда аёлларга нисбатан зўравонликдан қутилишнинг ягона йўли қилиб ўз жонига қасд қилиш кўрсатилганини «доно маслаҳат» деб атаган. Шунингдек, у бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирган.

«Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек тааллуқли», — деган Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия аъзоси.

Ушбу чақириқдан сўнг Кинематография агентлиги бош директори ва «Sevimli» телеканали асосчиси Фирдавс Абдухолиқов телеканалдаги сериал ва умуман, миллий сериаллар ҳақида муносабат билдирди. Агентлик бош директорининг фикрича, «Sevimli»даги «Сабрия» ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.

«Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ‘Sevimli’ телеканалида намойиш этилаётган ‘Сабрия’ сериали ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз. Бу режиссёрнинг дастлабки ишларидан бири эканига қарамасдан, телеканал бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдамини бермагани маълум бўлди. Жамоатчилик ва телетомошабинларнинг бу сериалга нисбатан билдираётган танқидий фикрларини телеканал таъсисчилари ва ижодий жамоаси, албатта, инобатга олиб, зарур ташкилий чора-тадбирларни кўриши даркор», — дейди Фирдавс Абдухолиқов.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, келгусида мазкур студиялар билан ҳамкорликда ишлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан, суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консультатив бадиий кенгаш ташкил этилади.

Ушбу муносабатдан сўнг «Sevimli» раҳбари, телеканал асосчисининг қизи Амира Рашидова сериалга билдирилган танқидий муносабатларга раддия берди.

Унинг тушунтиришича, бу гап-сўзлар «Сабрия» сериалининг 14 январдаги 32-қисми атрофида бўлган. Сериал эса реал ҳаётга асосланиб суратга олинган.

«Сериалнинг бир эпизоди тарқалган. Унда гиёҳванд йигит қизга ҳамла қилмоқчи бўлган ҳаракати акс этган. Сценарийда кўрсатилган зўравонлик саҳнасини режиссёр одам танасини, қон ва урушни кўрсатмай суратга олган. Очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган. Қолаверса, гиёҳванд зўравон ўз амалига яраша жазосини сериалнинг шу қисмида олгани кўрсатилган. Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр. ‘Сабрия’ сериалидаги воқеалар хам реал инсонлар ҳаётидан олинган», — дейди Амира Рашидова ўз Instagram саҳифасида.

Телеканал раҳбари ўз отасининг режиссиёрга ёрдам берилмагани ҳақидаги гапларини инкор қилиб, Насиба Турсуновага ҳар томонлама ёрдам берилганини айтган.

«Ушбу сериал — режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. Кўплаб кино ижодкорлар қатори, ‘Sevimli’ уни ҳам қўллаб- қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман…», — дейди Амира Рашидова.

Ушбу фикрлар эълон қилингандан сўнг Амира Рашидова яна бир чиқиш қилди. Унда телеканал раҳбари Саида Мирзиёеванинг гапларига қарши эмаслигини айтган. Рашидованинг таъкидлашича, айрим ОАВлар унинг сўзларини контекстдан «юлиб» талқин қилган.

«Сўзлар контекстдан юлиниб, ўзига керак сарлавҳада тарқатилди. Гўёки, мен Саида Мирзиёеванинг ‘Сабрияʼ сериали ҳақидаги фикрига қарши чиқиб, кечаги постни ёзган, деб талқин қилишди! Лекин бу ундай эмас!

Инсоф ҳақида гапирмайман, чунки бундай одамларда у бўлмайди… Туҳмат қилишдан тоймайди, Худодан хам қўрқмайди бундайлар.

Ҳозир интернетга кириб қарасам, вазият жиддийлашган, ҳамма жойда мени Саида Мирзиёева билан баҳслашган инсон сифатида талқин қилиб, йўқ жойдан атрофимда муаммо туғдиришяпти», — деб ёзади у Instagram саҳифасида.

Телеканал раҳбари Саида Мирзиёевадан англашилмовчилик учун узр сўраган.

«Мен Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши эмасман! У киши айтиб ўтган камчиликлар бор, буни тан оламан. Саида опанинг аёллар манфаатларини ҳимоя қилиши, уларга бераётган ёрдамини кузатаман ва ҳурмат қиламан. Англашилмовчилик учун ҳижолатдаман ва узр сўрайман. Шу сабабдан журналист ва блогерлардан илтимос қиламан: туҳмат, одамларни бир-бирига асоссиз қарши қўйишни бас қилинг», — деган у.

«Уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?» — воқеага Комил Алламжоновнинг муносабати

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ота ва қизнинг интернетдаги муносабатларига қуйидагича муносабат билдирди.

«Фирдавс Абдухолиқов ‘Sevimli’ каналида эфирга узатилган ‘Сабрия’ сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз, телеканал таъсисчилари ва ижодий жамоаси буни, албатта, инобатга олиб, зарур ташкилий чора-тадбирларни кўриши даркор деб, муносабат билдирибди.

Шу масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими? ‘Qalampir.uz’нинг ёзишича, ‘Sevimli’ канали қизингиз ва ўғлингизга ҳам тегишли, сериалларнинг давлат маблағлари эвазига асосий буюртмачиси эса ўзингиз, кинолар сифатига ҳам асосий масъул ўзингиз бўлсангиз», — деб ёзиб қолдирган у ўз Twitter саҳифасида.

Скриншот: Twitter
Скриншот: Twitter

«Айбдор»ларнинг ишдан бўшатилиши

Тармоқлардаги шунча муҳокамалардан сўнг 20 январь куни «Sevimli» телеканали таъсисчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда таъсисчиларнинг қарори билан бош директор вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев ўз вазифасидан озод этилди. Хўжаев ўрнига шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланди.

Йиғилишда сўзга чиққан Фирдавс Абухолиқов канал эфирига узатилган «Сабрия» сериалининг бадиий савиясини танқид остига олиб, «биз телеканал мухлислари ва жамоатчиликдан узр сўраймиз ва келгусида янги тайинланган бош директор нафақат сериаллар, қолаверса, барча медиа маҳсулотларнинг ғоявий-бадиий жиҳатларига масъул эканлигини уқтирган ҳолда, барча чора-тадбирларни ишлаб чиқиши зарур», дея таъкидлаган.

Блогерлар муносабати

Ушбу мавзу трендга чиққанидан кўп ўтмай унинг ўрнини «UzAuto Motors»нинг «ишкали» эгаллади. Шу сабабли ҳам «Sevimli»даги саҳналарга кўпчилик эътибор қаратмади. Лекин диққат билан кузатиб юрган блогерлар ҳам бор. Масалан, Зафарбек Солижонов YouTube саҳифасида 20 дақиқалик видео билан ушбу муаммо атрофидаги гап-сўзларга ўз муносабатини билдирган. Яхшиси, ўзингиз кўринг.

https://www.youtube.com/watch?v=WqNL0LsG018&ab_channel=ZafarbekSolijonov

Тилшунос-блогер Эльдар Асанов эса Комил Алламжоновнинг гапларига муносабат билдирган. Гап нимада эканини постни ўқигач тушунасиз.