Ўзгаришсиз қолган асосий ставка, муомалага киритиладиган 200 минг сўмлик ва тангага айланадиган 1000 сўмлик банкноталар
Марказий банк 20 январь куни навбатдаги бошқарув йиғилишини ва унинг якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. «Bugun.uz» бу икки тадбирдаги асосий янгиликлар бўйича маълумот беради.

Ўзгартирилмаган асосий ставка
Регулятор бошқарув йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинганди.
Маълум бўлишича, қарор юқори иқтисодий ўсиш динамикаси фонида нархлар ўсишини секинлаштирувчи ва жамғаришни қўллаб-қувватловчи пул кредит шароитларини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг қайд этишича, бир томондан инфлация кўрсаткичи пасаяётгани асосий фоиз ставкасини пасайтириш имконини бераётган бўлишига қарамай, ички ва ташқи иқтисодий хатарлар ва ноаниқликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётгани туфайли асосий ставкани ўзгартириш масаласи муҳокамаларга сабаб бўлган.
Марказий банк раиси регулятор ноаниқликлар сақланиб қолаётган вақтда бозорга нотўғри сигнал беришни истамаганини қайд этган. Таъкидланишича, банк мутахассислари озиқ-овқат ва энергетика ресурслари нархининг ошиши ва логистика билан боғлиқ муаммолар йил охиригача сақланиб қолишини таҳмин қилмоқда.
Сўнгги беш йилда рекорд даражагача пасайган базавий инфляция
Маълум бўлишича, 2021 йилда мамлакатда базавий инфляция йиллик 8,8 фоизни ташкил қилган. Бу охирги беш йилдаги энг паст кўрсаткич экани таъкидланган.
Мамаризо Нурмуратов базавий инфляциянинг пасайиб бориши келгусида умумий инфляциянинг ҳам пасайиб боришига ишончни оширишини, бу эса инфляцияни 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтиришга бўлган ишончни янада мустаҳкамлашини айтган.
Сўм курсининг қадрсизланиши
Қайд этилишича, 2021 йил давомида Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари миллий валюталарида (Туркиядан ташқари) юқори даражадаги тебранишлар кузатилмаган. Айни пайтда, 2022 йилда кутилаётган барқарорлашув тенденциялари ҳисобига ташқи омиллар томонидан сўмнинг алмашув курсига ортиқча босимнинг юзага келмаслиги кутилмоқда.
Регулятор берган маълумотларга кўра, савдо ҳамкорларида 2022 йилда ҳам ижобий реал иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг кутилаётганлиги экспорт ҳажмини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.
Айтилишича, 2021 йилда Ўзбекистонга экспортдан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг мос равишда 34 фоиздан ошиши, ички валюта бозорида валюта таклифини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлган.
Натижада, 2021 йилда сўм алмашув курсининг қадрсизланиши 3,4 фоизни ташкил этиб, сўнгги уч йилликдаги энг паст кўрсаткич қайд этилган.
2022 йилда кутилаётган монетар сиёсат
Марказий банк 2022 йилда ҳам «нисбатан қатъий» пул-кредит шароитларини сақлаб қолмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил якунига кўра инфляция даражаси 9,98 фоизни ташкил этгани ва кўрсаткич 2020 йилда 11,1 фоизни ташкил этган бўлиб, икки йил ичида сезиларли даражада пасайгани хабар қилинганди. Регулятор 2021 йил давомида қаттиқ монетар сиёсат олиб борган яъни инлация кўрсаткичи 9,98 фоизгача пасайганига қарамай асосий ставкани 14 фоиз даражасида ушлаб турган.
Таъкидланишича, тадқиқотлар глобал инфляциянинг давом этаётганлиги, ташқи бозорларда хом ашё ва энергия ресурслари нархлари ўсиши, пандемик вазият, жаҳонда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши билан боғлиқ хатарларга қарамасдан 2022 йил якуни бўйича инфляция даражасини 8–9 фоиз доирасида шаклланишини таъминлаш мумкинлигини кўрсатган.
Имтиёзли кредитлар ажратиш нега давом этяпти?
Марказий банк раиси берган маълумотга кўра, регулятор 2021 йилдан бошлаб барча кредитларни бозор ставкаларида ажратишни режалаштирган. Бироқ бунга пандемия шароити тўсқинлик қилган.
«Қайд этиш керакки, инфляцион таргетлаш бўйича Президент фармонида 2021 йилдан барча кредитларни бозор фоизларида бериш мўлжалланган эди. Афсуски, пандемия шароити бу ҳолатни кечиктиришни тақозо қилди.
Имтиёзли кредитлар улушига қарайдиган бўлсак, улар жами кредитлар портфелида камайиб боряпти. 2021 йил бўйича бу улуш 32 фоизни ташкил этади. Берилган кредитлар бўйича қарайдиган бўлсак, 2021 йил 24,6 фоиз кредитлар имтиёзли шартларда берилган. Агар пандемия билан боғлиқ вазият бўлмаганда, биз аллақачон имтиёзли кредитлар ажратиш сиёсатидан воз кечган бўлардик», — деган Мамаризо Нурмуратов.
Шунингдек, Марказий банк раиси мамлакатда 2022 йилдан бошлаб имтиёзли кредитлар учун ресурс ажратилмаётгани, кредитлаш аввалги ресурсларнинг қайтиши ҳисобига берилаётганини таъкидлаган.
200 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилади
Маълумотларга кўра, мамлакатда 2024 йилда 200 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилади.
Мамаризо Нурмуратовнинг айтишича, 2017 йил 50 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилганда аҳоли жон бошига тўғри келадиган муомаладаги нақд пул сони 489 та бўлган. Яъни ҳар бир одамнинг қўлида ўртача 489 дона банкнота бўлган. Ҳозирги кунга келиб бу рақам 2 баравардан кўпроққа камайиб 200 дона атрофида шаклланган.
«Биз банкноталар структурасини ўзгартириб бориб, нақд пулни одамлар учун қулай тўлов воситасига айлантирмоқчимиз. Шу сабабли бу ишимиз кейинчалик ҳам давом этади. 2024 йилда 200 минг сўмликни чиқаришни мўлжаллаганмиз.
Яъна бир нарсага тўҳталмоқчиман: айрим сайтларда янги пул чиқариш инфляцияга сабаб бўлиши ҳақида ўқиб қоламан. Йўқ, бундай эмас. Биз янги пул чиқарганимизда пул массаси ўзгармаяпти. Шунчаки эскисини янгисига алмаштирамиз», — деган Мамаризо Нурмуратов.
Тангага айланиши кутилаётган 1000 сўмлик
Қайд этилишича, Марказий банк 1000 сўмлик банкноталарни қайта қоғоз пул шаклида чиқаришни режалаштирмаяпти.
«Биз танга пул сифатида 1000 сўмликни чиқарганмиз. Минг афсуски, ҳаётимиздан танга пул чиқиб кетди. Ҳозир энг кўп фойдаланадиганимиз бу 500 сўмлик танга билан 1000 сўмлик ва 2000 сўмлик пулимиз. Буларни ҳам танга шаклига ўтказсак, бу бизнинг муомалани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларимизни камайтиради, шунингдек, жуда қулай шаклга келади», — деган Марказий банк раиси.