Қозоғистонда ҳужжатсиз юрган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди
Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ҳужжатсиз юрган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, 19 январь куни Нур-Султон шаҳри Есил тумани миграция полицияси идорасида ҳужжатсиз ушланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида маълумот келиб тушган. Ушбу маълумотга кўра, туман миграция полицияси идорасига бориб, 18 нафар Ўзбекистон фуқароси билан учрашилган. Уларнинг паспорти борлиги, аммо вақтинчалик рўйхатга туриш муддати тугагани ва ишлаш учун рухсатномаси йўқлиги маълум бўлган.
Фуқароларга Қозоғистон қонунларини бузмаслик, ўрнатилган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш борасида ҳуқуқий тушунча берилган. Шунингдек, улар Қозоғистонга танишлари орқали келиб, қурилишда ишлаётганини маълум қилган.
Учрашувда Есил тумани миграция полицияси томонидан биринчи марта Қозоғистонга келган фуқароларга огоҳлантириш, икки ёки кўп марта келганларга жарима ёзилган.
Аввалроқ Россиядан меҳнатга яроқсиз 4 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда бахтсиз ҳодисага учраган ўзбекистонлик ватанга қайтарилган.