Янгиликлар - 15:54 · 21.01.2022

Сурхондарёда кундошини «самосуд» қилган аёл ва унинг опаси 3,5 йилга қамалди

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 29 ёшли аёл эрининг биринчи хотини томонидан «самосуд» қилингани, безорилик содир этганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. «Замон»да маълум қилинишича, ушбу аёлларга суд ҳукми ўқилди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, кундошининг сочларини кесиб, унга тан жароҳати етказган аёл ва унинг опасига Шўрчи туман судида ҳукм ўқилган. Аёлларнинг ҳар иккисига 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Жабрланувчи эса ҳукмдан хурсандлиги, аммо опа-сингиллар қилган ишидан пушаймонлиги учун суддан уларга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо тайинланишини сўраган. Лекин суд чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Маълумот учун, 2021 йил 17 июнь куни Б.Э. ўзининг фарзанди ҳамда қариндоши билан бирга Шўрчи тумани Наврўз маҳалласи ҳудудида С.А.ни учратиб қолган. Шундан сўнг аёллар у билан илгаридан бўлиб келган низоли вазият бўйича ўзаро жанжаллашган.

Улар ўз ҳаракати билан жамоат тартибини қасддан бузаётганини англаган ҳолда жиноий шериги А.Д. билан биргаликда фуқаро С.А.ни қасддан уриб, дўппослаб, ўзи билан олиб келган қайчида С.А.нинг сочини кесиб, унга тан жароҳати етказган. Ҳолат бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида фуқаро С.А.нинг енгил тан жароҳати олгани аниқланган.

Аввалроқ Тошкентда 4 аёл ижарадаги шеригини «самосуд» қилгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE