«Толибон» Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналишини тасдиқлади
«Толибон» ҳукумати Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналишини тасдиқлади. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Ҳаракат матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангонийга кўра, у Мозори Шариф (Балх), Бағлон ва Бомиён вилоятлари орқали ўтади. Маршрутнинг Парвон вилояти орқали Кобулга, у ердан Жалолобод ва Торхам назорат пунктидан ўтадиган қисми аллақачон келишилган.
Таъкидланишича, Россия ва Ўзбекистон темир йўллари темир йўл лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилмоқда, 29 октябрь куни Кобул маршрути бўйича музокаралар олиб борган. Бироқ Россиянинг Кобулдаги элчихонаси хавфсизлик ва маблағ йўқлиги томондан лойиҳани амалга ошириш истиқболли кўринмаётганини билдирган.
Маълумот учун, Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар транспорт йўлаги Россия, Европани Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан боғлаши керак. Трансафғон темир йўли қурилиши 2022 йилда бошланади.
Мавзуга доир: Эксперт минбари. Россияга Афғонистонда темир йўл қуришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш нега керак?
Аввалроқ Ўзбекистон–Афғонистон ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши айтилган.