Бугун оқшоми. Яна ноутбук муаммоси, номи ўзгарадиган кодекс, Россия тергов изоляторида осилган ҳолда топилган ўзбекистонлик эркак
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Яна ноутбук муаммоси: энди наманганлик олимпиада ғолиби соврин қайтариб олинганини айтмоқда.
Наманган вилояти Норин туманида математика бўйича онлайн олимпиадада 1-ўринни эгаллаган ўқувчи унга соврин сифатида берилган ноутбук қайтариб олиб қўйилгани ҳақида видеомурожаат йўллади. Йигитнинг сўзларига кўра, унга берилган ноутбукни «сен меҳнат қилмагансан, сенинг номингдан биз ишлаганмиз. Биз меҳнат қилганмиз», дея методистга бериб юборишган.
Ҳолат бўйича изоҳ олиш учун туман ҳокимлиги билан боғланган мухбиримизга ғолиб ноутбукни тақдирлаш маросимида олиши айтилди. Ҳокимликдаги суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, ўқувчига ҳам шундай деб айтилган, лекин у бундан норози бўлиб, ушбу мурожаатни йўллаган. Ушбу видеомурожаат тармоқлардан тарқалгандан сўнг ўқувчига ноутбук қайта(риб) берилди.
Маълумот учун, шунга ўхшаш ҳолат яқинда Самарқандда ҳам кузатилганди — IT мусобақаси ғолибига эски ноутбук топширилган. Унинг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланганидан кейин ҳаммаси ҳал бўлди. Энди Нуробод тумани «эстафета таёқчаси»ни Норин туманига берган кўринади.

Ички бозорга баъзи машиналарни магнитофонсиз етказиб беришни бошлаган «UzAuto Motors» Россияга «Tracker» ва «Onix» сотишни бошлайди.

Ўзбекистондаги ягона автомобилсоз 2022 йилнинг декабри ё кейинги йилнинг бошида «Tracker» кроссоверини Россия бозорига олиб киради. «Onix» эса 2023 йил ёзида бозорга чиқиши кутилмоқда. Ўзбекистонда эса кроссовер сотуви 2022 йил сентябрда, седан эса 2023 йил мартида бошланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс этиб қайта номланади.
Қуйи палата депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда янги ном билан кўриб чиқилмоқда.

Унда номдан ташқари қатор ўзгаришлар кўзда тутилган. Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиблари замон талаблари асосида қайта кўриб чиқилмоқда. Лойиҳада кодекс 600 га яқин моддадан иборат бўлиши айтилган. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 348 та модда мавжуд. Янги лойиҳада кўзда тутилган ўзгаришлар билан батафсил ушбу ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.
Бошқа хабарлар пунктларда:
- Ўзбекистонликлар пандемия бошидан бери биринчи марта Умра сафарига жўнаб кетди;

- Ўзбекистон ОТМларида таҳсил олаётган йигитлар (311,5 минг) қизлардан (260 минг) 150 минг нафарга кўп. Уларнинг жами 571,5 минг нафарни ташкил қилади. Уларда таҳсил олаётган қизларнинг тенг ярми педагогика соҳасида ўқийди;
- Президентнинг тегишли фармони билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш ва Урбанизацияни ривожлантириш жамғармалари (алоҳида-алоҳида) ташкил этилди. Уни шакллантиришнинг асосий манбаси ерни хусусийлаштиришдан ва ерни ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳисобланади;
- Зарафшон миллий боғида Зарафшон дарёсига қуюлувчи зовур бўйида экологлар томонидан йўқолиб кетган дея айтилган ҳамда «Қизил китоб»га киритилган Ўрта Осиё суғури излари топилди.

Хўш, оламда нима гап?
Энди АҚШ мамлакатга келувчилардан коронавирусга қарши тўлиқ эмланган бўлишни талаб қилади.

АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти 2022 йил 22 январдан бошлаб чегарани кесиб ўтувчи барча чет эл фуқароларидан ковидга қарши тўлиқ эмланиш талаб этилишини эълон қилди. Бу нафақат сайёҳлар, балки зарурат туфайли ташриф буюрганларга ҳам тегишли. Қоида яшаш учун рухсатномага эга бўлган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Россияда 51 ёшли ўзбекистонлик эркак тергов изоляторида осилган ҳолда топилди. Эркак Москванинг Хорошевский туман суди томонидан қурол ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Кейин эса у тергов изоляторидан осилган ҳолатда топилган. Ҳозирда тафсилотлар маълум эмас, ҳолат юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.