Янгиликлар - 18:05 · 22.01.2022

Коронавируснинг терида акс этадиган симптомлари маълум қилинди

Россиялик онкодерматолог Екатерина Вертиева коронавирус тери касалликларини кучайтириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Москва 24» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, ковиднинг турли штаммлари, масалан, «омикрон» ёки «дельта»га чалинганларда бир хил дерматологик белгилар кузатилади.

«Энг кўп учрайдиган симптом бу токсик эритема ҳисобланади. Бу касалликда терида кенг тарқалган кўк доғлар пайдо бўлади. Айрим ҳолатларда оғиз шиллиқ пардаларида пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин, лекин бу камдан кам учрайди», — деган у.

Мутахассиснинг фикрича, тошма коронавируснинг иккинчи энг кенг тарқалган дерматологик аломатидир. «Коронавируснинг ўзи тери касалликларининг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Биз ковидга чалинганларда псориаз, витилиго (пигментация бузилиши), атопик дерматитнинг кучайишини кўрмоқдамиз», — деди Вертиева.

Мутахассис, шунингдек, камдан кам ҳолларда COVID-19 билан касалланган беморларда қон томирлари деворининг яллиғланиши кузатилишини айтган.

Аввалроқ «омикрон» штамининг терида кўринадиган аломати маълум қилинганди. Шунингдек, ковиднинг инсон организмида узоқ вақт сақланиб қолиши сабаби хабар берилган.

Bugun — LIVE