Янгиликлар - 18:02 · 22.01.2022

Наманганда онлайн олимпиада ғолибига берилган ноутбук қайтариб олингани айтилмоқда — видео

Наманган вилояти Норин туманида математика бўйича онлайн олимпиадада 1-ўринни эгаллаган ўқувчи унга соврин сифатида берилган ноутбук қайтариб олиб қўйилгани ҳақида видеомурожаат йўллади. «Bugun.uz» ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Кадр: Telegram

Ҳокимликнинг билдиришича, ўқувчи мукофотини олиб кетиш учун мактабига борган. Аммо унга мукофот тақдирлаш маросимида топширилиши айтилган. Ўқувчи бундан норози бўлиб, видеомурожаат йўллаган.

Маълумот учун, ўқувчи ноутбукини олиб қўйишгани, сабабини сўраганда «Сенинг номингдан биз ишлаганмиз. Биз меҳнат қилганмиз», деб жавоб олганини айтган. Шунингдек, ўқитувчига берилган совға ҳам методистга олиб берилгани маълум қилинган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Нуробод туманида IТ мусобақасида ғолиб бўлган 13 ёшли мактаб ўқувчисига эски ноутбук берилгани, бунинг ортидан туман «замҳокими» ҳайфсан олгани, сўнг ўқувчига янги ноутбук совға қилингани ҳақида хабар берилганди.