Ўзбекистонда пандемия бошланганидан бери илк марта зиёратчилар Умрага жўнаб кетди — фото
Ўзбекистонда пандемия бошланганидан бери биринчи марта 22 январь куни зиёратчилар Умра сафарига жўнаб кетди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тонгда «Умра—2022» мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетган. Уларни кузатиб қўйиш учун таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортига ташриф буюрган.




Эслатиб ўтамиз, аввалроқ — 5 январь куни Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан «Умра—2022» мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, ўзбекистонликлар учун Умра сафари тўлови қимматлагани бўйича «Bugun.uz» Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати билан боғланиб, маълумот олганди. Шу билан бирга, 2020 йил февраль ойига қадар Умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлаши маълум қилинган.