Таҳлил - 20:00 · 22.01.2022

Шарқий экспресс. Ямандаги ниҳоясиз уруш, исроилликларни кузатаётган илова можароси

Яқин Шарқнинг энг долзарб хабарлари шарҳини «Шарқий экспресс» рукнида ўқинг.

Олов ичида қолаётган Яман

2022 йилнинг 21 январь куни Яманнинг Сада шаҳрига берилган ҳаво зарбаси натижасида 100 га яқин инсон ҳалок бўлди.

Фото: «AFP»

Ҳужум нишони эса шаҳардаги исёнчи ҳусийлар назоратидаги қамоқхона бўлган. Ҳусийлар ушбу ҳужумга Саудия Арабистони бошчилик қилаётган коалицияни айбдор деб кўрсатган. Аммо Саудия Арабистони бу ҳужум учун жавобгарликни инкор қилган.

Ўз навбатида коалицияда иштирок этаётган БААнинг БМТдаги вакили Лана Заки Нусайби ушбу ҳужум ҳақида изоҳ берар экан, коалициянинг барча ҳарбий амалиётларининг жавоби борлигини маълум қилган. Шунингдек, у коалиция ушбу урушда барча халқаро нормаларни ҳурмат қилишини таъкидлаган.

Қизил Хоч жамиятининг Ямандаги раҳбари Аҳмад Маҳатнинг сўзларига кўра, портлаш содир бўлган ерда жуда кўплаб қурбонларнинг жасадлари сочилиб ётибди. Вафот этганларнинг аниқ сонини эса аниқлаш имконсиз.

Воқеага муносабат билдирган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен “АҚШ Ямандаги тарангликдан қаттиқ ташвишда экан”ини маълум қилган. Шунингдек, у томонларни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва БМТ шафелиги остида инклюзив музокараларга чақирган.

Норвегиянинг БМТдаги вакили, Хавфсизлик кенгаши президенти Мона Жуул қамоқхонага қилинган ҳужумни «қабул қилиб бўлмас» деб атади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссари ҳам ўзининг Twitter саҳифасида коалициянинг Ямандаги аҳоли пунктларига бераётган зарбасидан қаттиқ таъсирланганини маълум қилган.

БМТ Ямандаги вазиятни энг ёмон гуманитар инқироз сифатида қайд этган ҳамда 2014 йилдан буён уруш натижасида 377 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Исроилликлар мобил илова орқали кузатилган

Исроил суди полиция томонидан исроилликларни кузатиш мақсадида фойдаланилган Pegasus иловаси бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди.

Фото: «AFP»

Гап шундаки, Тель-Авив газетасига кўра, ушбу жосус илова Исроил фуқароларини кузатиш мақсадида полиция томонидан ишлатилган. Кузатилган фуқаролар орасида мамлакат собиқ бош вазири Бенямин Нетаняҳуга қарши норозилик намойишларида қатнашганлар ҳам бор. Ушбу илова телефонга ўрнатилганидан кейин тўғридан-тўғри хабарлар ва маълумотларга киришга эришилади. Шунингдек, масофадан туриб сурат ва овозни ҳам ёзиб олиш имконини беради.

Calcalist иқтисодий газетаси тарқатган хабарга кўра, полиция ушбу иловадан потенциал хавфли деб ишонилган бир шахсни кузатиш ва терговга керакли маълумотларни тўплаш мақсадида фойдаланганини маълум қилган.

Ушбу илова эгаси NSO деб номланган Исроил киберхавфсизлик хизмати гуруҳи ҳисобланиб, шу вақтга қадар ушбу илова орқали бир қатор журналистлар, юқори мартабали кишилар, бир нечта давлат раҳбарларини кузатганини тан олган.

Гуруҳ ушбу илованинг Исроил полициясига сотилганини на тасдиқлаган, на инкор қилган. Ўз навбатида полиция қўмондони Яков Шабтай мамлакат полицияси жиноятчиликка қарши исталган қонуний йўллар билан курашишини айтиб ўтган.

NSO эса илованинг фақатгина лицензия ва регламент асосида Давлат хавфсизлик хизматлари ва полицияга сотилишини маълум қилган. Бу эса турли жиноятчилик ва террорчилик ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида қилинишини қўшимча қилган.