Янгиликлар - 19:34 · 22.01.2022

Тошкентда машинага ўқ узган эркак 15 суткага қамалди

Тошкентда хотинини рашк қилган эркак танишининг машинасига ўқ узгани хабар қилинганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳар икки фуқарога 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, С.З. томонидан қўлланилган пистолет спорт пневматик қуроли экани аниқланган. Қурол тўғрисидаги қонунга биноан, бу турдаги воситалардан фойдаланишга фақат спорт майдончаларида рухсат берилган.

Мирзо Улуғбек тумани судида ўқ узган эркак қилмишидан пушаймон эканини айтиб, мумкин бўлса, пул кўринишидаги жазо тайинланишини сўраган. А.Г. ҳам қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.

Эркакларнинг иккиси ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)га кўра айбдор деб топилиб, уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. С.З.га, шунингдек, БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Маълумот учун, 1990 йилда туғилган З.С. Феруза даҳаси Мирзо Улуғбек кўчасидаги йўлнинг қатнов қисмида ўзининг таниши — 1985 йилда туғилган А.Г.ни кўриб қолган. У билан олдиндан турмуш ўртоғини рашк қилиш оқибатида ўзаро келишмовчилиги бўлгани сабабли ўзаро гап талашиб, унинг бошқарувидаги «ВАЗ-2199» русумли автомобилнинг ғилдирагига тепган. Сўнг ёнида бўлган пневматик қуролдан автомобилга бир маротаба ўқ узган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган.

Аввалроқ Сурхондарёда «Malibu» ҳайдовчиси юк машинасига тўппонча билан ўқ узгани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғонада 2 қуролланган эркак дорихоналарга бостириб кирган.

Bugun — LIVE