Арманистон президенти истеъфога чиқди
Арманистон президенти Армен Саркисян истеъфога чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари мамлакат ва миллатнинг ҳозирги оғир даврида ички ҳамда ташқи сиёсатнинг фундаментал жараёнларига таъсир ўтказиш учун ўзида зарур воситалар йўқлигини айтган.
«Мен жуда узоқ ўйладим ва деярли тўрт йиллик фаол ишимдан сўнг Арманистон президенти лавозимидан кетишга қарор қилдим. Бу ҳиссий қарор эмас ва маълум бир мантиқдан келиб чиқди», — дейди президент баёнотида.
Саркисян 2018 йилда давлат раҳбари этиб сайланган. 2015 йилдаги конституциявий ислоҳотлардан сўнг мамлакат парламент бошқарув шаклига ўтган. Шундай қилиб, президентнинг ваколати фақат вакиллик бўлиб, унинг ўзи парламент томонидан етти йил муддатга сайланади. Саркисян дипломат бўлган, 1996–1997 йилларда Арманистон ҳукуматини бошқарган. Шунингдек, у давлат раҳбари лавозимига Арманистоннинг ҳукмрон Республикачилар партияси фракциялари ва унинг коалициядаги ҳамкори, сўл миллатчи Дашнактсутюн партияси томонидан кўрсатилган.
Аввалроқ Ливан ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Шарбель Ваҳби Форс кўрфази мамлакатларида терроризмни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги нутқидан сўнг истеъфога чиққанди. Шунингдек, Перуда ташқи ишлар вазири терроризм ҳақидаги бир нечта баёноти сабабли 19 кунда лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида хабар берилганди.