Ҳафталик дайжест. Ноутбук машмашалари, машиналарини «магнитофон»сиз етказиб беришни бошлаган «UzAuto Motors», барчани «гапиртирган» сериал

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг ҳафта давомидаги энг сара ва муҳим хабарларини ўз ичига олган ҳафталик дайжести.

Ўтган ҳафта ўзбекистонликлар учун чиндан қўрқинчли ва антирекордлар ҳафтаси бўлди. Коронавирусга чалиниш бўйича кунлик статистика кетма-кет антирекорд ўрнатиб келди.

Фото: «Bugun.uz»

Охирги кунлик статистикага кўра, Ўзбекистонда 22 январь куни 1480 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, касалликка чалинганлар сони 213 минг 767 кишига етган. Бу пандемия бошидан бери мутлақ антирекорд ҳисобланади.

Ўзингизни, яқинларингиз, атрофдаги инсонлар, хуллас, ҳаммани асранг. Ҳа, бу фақатгина сизга боғлиқ. Ҳар бир ўқиб турган кишига боғлиқ.

Бирор ишнинг муҳокама марказида бўлиши — ҳафта воқеаси, лекин у иш бир ҳафтада икки марта содир бўлса, тарихий воқеадир. Қуйидаги вазиятда эса УЯТ! Хуллас, эски ва қайтариб олинган ноутбуклар ҳақида.

Самарқандда IT мусобақаси ғолибига эски ноутбук берилди, Наманганда эса янгисини берганди, лекин уни қайтариб олишди. Самарқанд вилояти Нуробод туманида IТ мусобақасида ғолиб бўлган 13 ёшли мактаб ўқувчиси эски ноутбук берилгани юзасидан видеомурожаат йўллади.

Унда туманда жойлашган 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Саттаров Сардор «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳасининг вилоят босқичида биринчи ўринни олишига қарамай, унга 3-даражали диплом ҳамда ишлатилган (эски) ноутбук берилгани айтилган.

Туман ҳокимлиги матбуот котиби бу бўйича маълумотни «Bugun.uz»га тасдиқлади. Қайд этилишича, IT танлови ғолибига эски ноутбук берилгани ортидан туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилган. Бундан кейин йигитчанинг ноутбуги ҳам алмаштириб берилган.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Лекин Нуробод тумани «эстафета таёқчаси»ни Норин туманига берган кўринади, у ерда ҳам совриндор йигит берилган ноутбук бўйича видеомурожаат қилди. Яхшиямки, унга янги ноутбук берилган, лекин у қайтариб олинган (балки, улар ҳам эскисини бермоқчи бўлгандир).

Наманган вилояти Норин туманида математика бўйича онлайн олимпиадада 1-ўринни эгаллаган ўқувчи унга соврин сифатида берилган ноутбук қайтариб олиб қўйилгани ҳақида видеомурожаат йўллади. Йигитнинг сўзларига кўра, унга берилган ноутбук «сен меҳнат қилмагансан, сенинг номингдан биз ишлаганмиз. Биз меҳнат қилганмиз», — дея методистга бериб юборилган.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ҳолат бўйича изоҳ олиш учун туман ҳокимлиги билан боғланган мухбиримизга ғолиб ноутбукни тақдирлаш маросимида олиши айтилди. Ҳокимликдаги суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, ўқувчига ҳам шундай деб айтилган, лекин у бундан норози бўлиб, ушбу мурожаатни йўллаган. Ушбу видеомурожаат тармоқларда тарқалгандан сўнг ўқувчига ноутбук қайта(риб) берилди.

Ҳафта мавзусига яна бир яққол номзод бор — «UzAuto Motors». У яна «иш кўрсатиш»да давом этди: энди «Lacetti» ва «Cobalt» машиналари магнитоласиз етказиб берилади. Бу дегани янги сотиб олган машинангизда магнитофон бўлади, лекин унда ҳеч нарса эшитолмайсиз.

Ўзбекистондаги ягона машинасоз — «UzAuto Motors» 19 январдан «Lacetti» ва «Cobalt» автомашиналарини магнитоласиз етказиб беради. Бунга сабаб — яримўтказгич муаммоси. Ўзбекистонлик монополистга аудиомогнитола етказиб берувчи «Humax Automotive» интеграл микросхемаларнинг етишмовчилигига дуч келган. Шу сабабли аввал тузилган шартномалар бўйича «Lacetti» ва «Cobalt» автомобиллари магнитоласиз етказиб берилади.

«UzAuto Motors» томонидан ушбу вазиятдан чиқиш учун магнитоласиз автомобиль харидорларига иккита вариант таклиф этилган:

  • ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола қурилмаси ҳамда унинг ўрнатилиш харажатларининг қопланиши билан яқин орада автомобилни магнитоласиз олиш, хоҳишга кўра, бозордан хоҳлаган турдаги автомагнитолани компания расмий дилерларида ўрнатиш;
  • автомобилни кейинчалик текин қайта жиҳозлаш билан магнитоласиз олиб кетиш, ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола етказиб берилгандан сўнг автомобилни қайта жиҳозлаш.
Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

«Bugun.uz» компаниянинг ушбу қароридан кейин ижтимоий тармоқларда кенг эълон қилинган энг сара мавзуга доир постларни бир жойга тўплади: Фақат «кузов», «Gentra No Insof Edition», рақибларнинг вазиятдан фойдаланиши — «UzAuto Motors» магнитоласиз машиналарининг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаси

Ҳафта ваканцияси: Сирдарёда ярим-яланғоч раққосалар билан зиёфат қилгани ортидан ишдан кетган Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида қайта иш бошлади.

Эсингиздами, бундан 6 ой олдин Сирдарё вилоятида туман ҳокимлик масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарлари ресторанда ярим-яланғоч раққоса қизлар билан овқатлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ушбу воқеанинг тармоқларда акс-садо бериши ортидан мансабдорлар ўз лавозимидан кетганди: баъзилари бўшатилган, баъзилари эса ўз аризасига кўра.

Фото: «Bugun.uz»

Вилоят ҳокимлигининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ўз аризасига кўра ишдан кетган Сирдарё тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муродов синов муддати билан вазифасига тикланган. Сирдарё тумани ҳокимининг қарорига кўра, Нозим Муродов 2 ойлик синов муддати билан иш бошлаган.

Лавозимни эски эгаси билан, амалдорни эса эски ўрни билан табриклаймиз. Келажакдаги фаолиятига омад ва иш вақтидан ташқари ҳам бундай видеолари тарқалиб кетмаслигини тилаб қоламиз.

Янги келаётган ҳафта барча ўқувчи ва талабалар дарсларни онлайн бошлайди. Лекин болалар боғчага боради, ҳайриятки.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ёпилиши режалаштирилмаган. Бунга сабаб оилада фарзандга қарайдиган киши бўлмаса, ота-она уйда ўтиришига тўғри келади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

«Карантин қоидалари республика бўйича кучайтирилгани билан давлат ташкилотларининг иш фаолияти тўхтатилмаган. Бу бевосита болалар билан боғлиқ, чунки ташкилотлар ёпиладиган бўлса, оилада фарзандга қарайдиган киши бўлмаса, ота-она уйда ўтиришига тўғри келади.

Қайсидир гуруҳда коронавирус аниқланса, ўша гуруҳ 14 кунга ёпилади ва ундан кейин ўз фаолиятини давом эттиради», — дейди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

«Масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?» — «Sevimli»даги сериаллар муҳокама марказида. Ким нима дейди?

Бундан бир неча кун олдин «Sevimli» телеканалида эфирга узатилган «Сабрия» сериалининг қисқа ахлоқсизлик саҳналари бутун ўзбек интернет аудиториясини «портлатиб» юборди. Тармоқларда кўтарилган резонансдан сўнг «катта»лар ҳам бирма-бир реакция билдиришни бошлади. АОКА ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлаб юборди (ҳали якунига етгани йўқ).

Бу ҳолат келиб чиқиши ҳақида қисқача: «Sevimli» телеканалида аёлни зўрлаш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик саҳналари кўрсатилган. Ҳаммаси шундан бошланди, лекин сериалнинг ўша жойидан кесилган видеони ҳавола этолмаймиз.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева ушбу саҳналар бўйича муносабат билдирди. Телеканал раҳбари Амира Рашидова сериал атрофидаги танқидларга жавоб қайтарди.

Телеканалдаги сериал бўйича Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам муносабат билдириб, телеканал бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдам бермагани маълум бўлганини айтди.

Батафсил: «Масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?» — «Sevimli»даги сериаллар муҳокама марказида. Ким нима дейди?

«Ҳафта топилмаси»: Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги тартибсизликлардан кейин биринчи марта кўриниш бериб, аҳолига мурожаат қилди.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ халқига мурожаат билан чиқди. Элбоши унда айни дамда Қозоғистон пойтахти Нур-Cултонда дам олаётгани ва ҳеч қаёққа кетмаганини айтган.

Назарбоев ўз видеомурожаатида Қозоғистон сиёсий элитасидаги можаро ҳақидаги миш-мишларни рад этган. У тез орада президент Тўқаев «Нур Отан» партияси раиси этиб сайланишини айтган. Мурожаат матни бу ерда.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ҳафта ҳукми ва дайжест якуни: ЛГБТ ғояларини тарғиб қилгани айтилган блогер Миразиз Бозоровга 3 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Блогер Миразиз Бозоровнинг биринчи суди 20 январь куни бўлиб ўтди. Аммо унга ОАВ вакиллари киритилмади. Бунга уларда ПЗР тест жавоби йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилди. «Bugun.uz» мухбирининг маълум қилишича, журналистлардан бири коронавирусга тест топшириб келган, бироқ суд бошлангани сабабли киритилмаган.

Судда халқаро ташкилот аъзолари, Германия элчихонаси вакили, «Эзгулик» жамияти раиси ҳам қатнашгани айтилди. Шунингдек, Аброр Мухтор Алий ва блогер Шуҳрат Мусаев жабрланувчи сифатида иштирок этди. Уларнинг барчаси суд бўйича изоҳ бериб, ҳаммаси яхши бўлаётганини айтган. Ҳаттоки судья жабрланувчиларнинг илтимосини қаноатлантириб, пешин намозини ўқиб олиш учун 10–15 дақиқалик танаффус берган.

21 январь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи Миразиз Бозоровга (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Миразиз Бозоров Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ҳафта давомида сизлар учун тўплаган энг сара ва муҳим хабарларимиз шулардан иборат эди. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Шавкат Умрзоқов Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди
Янгиликлар18:14 | 23.3.23
Шавкат Умрзоқов Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди
Судланганлик муддати ўтиб кетгани ҳақида маълумот олиш осонлашади
Янгиликлар13:57 | 23.3.23
Судланганлик муддати ўтиб кетгани ҳақида маълумот олиш осонлашади
Ўзбекистонда вақтлироқ тўланган жарималар бўйича чегирма 50 фоизгача оширилади
Янгиликлар13:47 | 23.3.23
Ўзбекистонда вақтлироқ тўланган жарималар бўйича чегирма 50 фоизгача оширилади
Ветнам Тошкент вилоятида 125 млн долларга йирик завод қурмоқчи
Янгиликлар12:42 | 23.3.23
Ветнам Тошкент вилоятида 125 млн долларга йирик завод қурмоқчи
Қизил лола севги, оқ лола поклик, қора лола пинҳоналикни билдиради. Истанбулни дунёга танитган лолалар тарихи
Мақолалар11:17 | 23.3.23
Қизил лола севги, оқ лола поклик, қора лола пинҳоналикни билдиради. Истанбулни дунёга танитган лолалар тарихи
Ўзбекистонда 24 март куни баланд тоғ ҳудудларида ёмғир ва қор ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин
Янгиликлар10:49 | 23.3.23
Ўзбекистонда 24 март куни баланд тоғ ҳудудларида ёмғир ва қор ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин

Муҳим хабарлар

Шавкат Умрзоқов Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

18:14 · 23.03.2023

Судланганлик муддати ўтиб кетгани ҳақида маълумот олиш осонлашади

13:57 · 23.03.2023

Ўзбекистонда вақтлироқ тўланган жарималар бўйича чегирма 50 фоизгача оширилади

13:47 · 23.03.2023

Ветнам Тошкент вилоятида 125 млн долларга йирик завод қурмоқчи

12:42 · 23.03.2023

Қизил лола севги, оқ лола поклик, қора лола пинҳоналикни билдиради. Истанбулни дунёга танитган лолалар тарихи

11:17 · 23.03.2023

Ўзбекистонда 24 март куни баланд тоғ ҳудудларида ёмғир ва қор ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин

10:49 · 23.03.2023

Ўзбекистонда яна зилзила қайд этилди

10:25 · 23.03.2023

Ўзбекистонда яна кучли зилзила содир бўлди

1:22 · 23.03.2023

Мусулмонлар идораси Рамазон тақвимини эълон қилди — тақвим

17:49 · 22.03.2023

Тошкентда таровеҳ намозлари вақти масжидларга туташ кўчаларда ҳаракат тўхтатилади

17:21 · 22.03.2023