10:41 | 23.01.22 147

Жиззахда аёлдан интим видеосини тарқатмаслик учун пул талаб қилганлар ушланди — видео

Улар аёл билан аввалдан таниш бўлган

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида аёлни интим видеосини ижтимоий тармоқларга тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилганлар ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, бир гуруҳ фуқаролар шу тумандаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада яшовчи, аввалдан таниш бўлган аёлдан пул ундириш учун жиноий тил бириктирган.

Қайд этилишича, режага кўра, улардан бири аёл билан жинсий алоқа қилаётган вақтда телефон орқали видеога олинган. Шундан сўнг видеони ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 3 миллион сўм талаб қилган.

Таъкидланишича, бу ҳақдаги ариза асосида вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, жиноятни содир этган шахслар ушланган. Хусусан, пул талаб қилувчилардан бири Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласи ҳудудида жабрланувчидан пулни олган вақтида ҳамда қўлга киритилган маблағ шерикларига етказилганда далилий ашё билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинганларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида дўстидан ишқий муносабатдаги видеоларини тарқатмаслик учун 1200 доллар талаб қилган фуқаро ушланганди. Шунингдек, Тошкентда фуқаронинг шахсий маълумотларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган аёллар ушлангани маълум қилинган.