Қозоғистон президенти бизнесменлар билан учрашувда Ўзбекистондаги нефть-газ заводларини мисол қилиб кўрсатди — видео
«СССР давридан буён мавжуд заводларни таъмирлаётганимизда Ўзбекистон 2–3 та янги завод қурди. Бир қарашда одамнинг ҳаваси келади», — деган давлат раҳбари
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бизнесменлар билан учрашувда Ўзбекистондаги нефть-газ заводларини мисол қилиб кўрсатди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тўқаевнинг 21 январь куни мамлакатнинг йирик бизнес вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, президент ўз нутқида мамлакатдаги мавжуд вазиятни муҳокама қилиш, давлат ва бизнеснинг халқ манфаати йўлида ҳамкорлиги йўлларини белгилаб олиш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, ҳукумат олдида ўзининг стратегик аҳамиятига эга бўлган бутун ижтимоий тузилмани чуқур ўзгартириш вазифаси турганини айтган.
Келтирилишича, мамлакатдаги вазият борасида бизнесменлар билан қилган учрашувида Тўқаев Ўзбекистон, жумладан, давлатдаги нефть-газ соҳасида ҳақида тўхталиб ўтган.
«Биз нефть-газ соҳасидаги СССР давридан буён мавжуд заводларни таъмирлаб келяпмиз. Бу вақтда қўшни Ўзбекистон 2-3 та янги завод қуришнинг уддасидан чиқди. Бир қарашда одамнинг ҳаваси келади», — деган президент.
Таъкидланишича, президент нутқида ишбилармон доираларни сабоқ олишга ва Янги Қозоғистоннинг асосига айланиши керак бўлган янги иқтисодий сиёсатни барпо этиш бўйича ҳамкорликни бошлашга чақирган ва қуйидаги асосий тамойилларни белгилаб берган:
- ҳалол рақобат;
- қабул қилинган қарорларнинг шаффофлиги;
- давлат сиёсатининг тахмин қилина олиши;
- бизнеснинг солиққа оид ҳалоллиги;
- тадбиркорларнинг ижтимоий масъулияти.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликларнинг асосий сабаби бойлар ва камбағаллар даромади ўртасидаги йўл қўйиб бўлмайдиган тафовут эканини айтганди. Шунингдек, Назарбоев ва унинг оиласи қандай имтиёзларга эгалиги ҳақида хабар берилган.