Тошкент вилоятида «ГАИ» ҳайдовчи билан келишмовчилик пайтида машина ойнасини синдирди — видео
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида махсус рейд тадбири давомида «ГАИ» ҳайдовчи билан келишмовчилик пайтида машина ойнасини синдирди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиб ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум бўлишича, ЙПХ инспектори ҳайдовчига «Хавфсиз ҳудуд» махсус тадбирида экани ҳақида айтган, фуқаро эса у тарафга сигарета пуфлаганича ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган. Ходим холислар иштирокида бир неча маротаба, яхши муомала билан, ундан ҳужжатларини тақдим этишини сўраган. Сўнг машина эшигини очишга уринган вақтида эса ҳайдовчи унинг қўлини эшик ойнасига қисиб олган.
«Энди холис фикрингизни айтинг, шу вазиятда ЙПХ инспектори ҳайдовчини текширмаслиги, майли, ҳужжат бермас эканлар деб қўйиб юбориши керакмиди?», — дейди матбуот котиби.
«Хавфсиз ҳудуд» тезкор профилактик тадбири одатда криминоген вазият юзасидан ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик нисбатан кўпайган ҳудудларда ташкил этилади.
Шунингдек, Бобур Тўлаганов блогерлардан маълумотни тўғри талқин қилиш ва аниқлик киритиб олгандан кейин тарқатишини сўраган.
«Шу ўринда ‘айрим’ блогерларни ахборотни тўғри талқин қилишга чорламоқчиман. Қўлингизга бирор маълумот келиб тушган тақдирда уни тегишли ташкилот масъуллари билан боғланиб, аниқлаштириб олинг, илтимос!
Мавзуни бир томонлама ёритиб, кейин унга муносабат сўрашингиз катта хато. Чунки биринчи тарқатилган ахборот, гарчи нотўғри бўлса ҳам, кўпчилик одамлар назарида ҳақ бўлиб қолаверади. Биринчи уринишдаёқ тўлиқ, холис ва тўғри ахборот тарқатинг. Журналистлардан устоз олсангиз нур устига нур. Юқоридаги гаплар албатта ‘айрим’ қўштирноқ ичидаги, шошқалоқ блогерларга тааллуқли. Холис фаолият юритувчилар сизга минг раҳмат», — дейди у.
Аввалроқ Тошкентда «ГАИ» ва ҳайдовчи ўртасида келишмовчилик юзага келгани хабар қилинганди.