Туркияда далаларда улкан чуқурлар пайдо бўлди — фото
Туркияда фермерлар далаларда катта ўлчамдаги чуқурликлар пайдо бўлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Hurriyet» хабар берди.

Маълум қилинишича, мутахассислар сўнгги пайтларда чуқурларнинг кўпайишини ер ости сувларининг йўқолиб бораётгани билан боғламоқда, чунки фермерлар далаларини суғориш учун чуқур ер ости қудуқларидан фойдаланмоқда. Мутахассислар Туркиянинг марказий қисмидаги чуқурлар уч йиллик қурғоқчилик ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ эканини айтган.

Таъкидланишича, маҳаллий аҳолидан бири Кафер ота уйи ёнидаги маккажўхори даласида 3 метрлик чуқурлик пайдо бўлганини айтган. «Сизга нима дейишни билмайман. Бу яхши эмас. Худо раҳм қилсин», — деган у.

Тадқиқотчилар ҳудудда 2200 дан ортиқ чуқурларни қайд этган, улардан 700 дан ортиғи бир метрдан, энг каттаси 30 метр чуқурликка эга. Аҳоли ҳеч ким чуқурга тушиб кетмаслиги учун харита тузиш кераклигини айтган. Илгари бу майдонларда асосан буғдой экиладиган бўлса, кейинчалик деҳқонлар қанд лавлаги ва маккажўхори каби сувни кўп талаб қиладиган экинларга ўтишган. Имконияти борлар далаларини суғориш учун ер ости сувлари насосларини ўрнатган, лекин ер ости сувлари ҳудудда чекланган.



Аввалроқ Мексикадаги майдонда бир неча соат ичида 60 метрли чуқур пайдо бўлганди. Шунингдек, АҚШдаги шаҳарлардан бири чўкишни бошлаганди.