Хитойда дунёдаги энг катта ҳарбий робот ишлаб чиқилди — видео
Хитой дунёдаги энг катта тўрт оёқга эга электр қувватли бионик роботни ишлаб чиқди. Бу ҳақда «Global Times» хабар берди.

Маълум қилинишича, ихтиро ҳарбийларга юкларни етказиб бериш ва разведка миссияларида ёрдам беради. Катта ва йирик ҳажмли бўлишига қарамай, робот олдинга ва орқага ҳаракатлана олади, диагональ бўйлаб юра олади. У 12 та артикуляр модуллар тўплами туфайли мувозанатни йўқотмасдан югуради ва баландга сакрайди.
Таъкидланишича, техника атроф-муҳит билан алоқада бўладиган замонавий сенсорлар ва датчиклар билан жиҳозланган. Робот турли хил рельеф турларига, жумладан, зинапоялар, хандақлар ва қоялар, ҳатто лойқа йўллар, ўтлоқлар, чўллар ҳамда қорли далаларга мослашган. Бу қобилиятдан ташқари, робот қуроллар билан ҳам жиҳозланиши мумкин.
Тахминларга кўра, робот 160 килограммгача юк кўтариб, тезлигини соатига 10 километрга оширади. Тўрт оёқли бионик робот оддий транспорт воситалари етиб бориш қийин бўлган тоғлар, чўл ва ўрмонларга қурол ва озиқ-овқат етказиб беришда ҳам қўлланилиши мумкин.
Аввалроқ Хитой Ҳиндистон билан чегарада роботлаштирилган қуроллар жойлаштиргани хабар берилганди. Шунингдек, Россияда ноодатий ҳарбий қурол ишлаб чиқилгани маълум қилинган.