Янгиликлар - 23:21 · 24.01.2022

«Амирсой»да қизларнинг ярим яланғоч ҳолда фотосессия қилгани бўйича изоҳ берилди — видео

«Амирсой» дам олиш масканида 23 январь куни қизларнинг ярим яланғоч ҳолда фотосессия қилгани бўйича изоҳ берилди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Келтирилишича, «Амирсой» дам олиш маскани директорининг ёрдамчиси эканини маълум қилган эркак суратга олиш жамоасига курорт ҳудудида ўзини тутиш қоидалари жамланган ҳужжатни берган.

«Кўриб турганингиздек, ҳужжатларнинг ҳам русча, ҳам ўзбекча, ҳам инглизча кўринишдагилари бор. Бу қоидалар жамланмаси деворга ҳам илиб қўйилган. Мен ўзим бу ҳодиса тасвирланган видеони ижтимоий тармоқлар орқали жўнатишгандагина кўрдим. У ерда нима бўлганидан эса умуман хабарим йўқ», — деган «Амирсой» дам олиш маскани директорининг ёрдамчиси эканини маълум қилган эркак.

Қайд этилишича, курорт масъуллари ташриф буюрувчиларнинг курорт ҳудудида ушбу қоидаларга амал қилиши назоратда эканини айтган, аммо бўлиб ўтган ҳолат юзасидан бирорта ходим изоҳ бера олмаслигини маълум қилган. Шундан сўнг тасвирга олиш жамоаси пойтахтдаги асосий савдо офисига борган ва ҳолат юзасидан изоҳ берган ходим билан гаплашган.

«Амирсой» тоғ-чанғи курортининг тижорат врач-офтолмологи Давронбек Ниязовнинг сўзларига кўра, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган ва вариант тарзда курортдан кетиш ёки ҳаммага ўхшаб, кийинган ҳолда дам олишни танлаш таклифлари берилган.

«Ушбу таклифлардан сўнг улар уст-бошини кийиб, дам олишни давом эттирди», — дейди тижорат врач-офтолмолог.

Аввалроқ Сирдарё вилоятида туман ҳокимлик масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарлари ресторанда ярим яланғоч раққоса қизлар билан овқатлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Воқеада иштирок этган туман ҳокими собиқ ўринбосари ҳолат аслида қандай бўлгани ҳақида гапириб берганди.