Янгиликлар - 16:54 · 24.01.2022

«Ҳамма пулни банк еб ётибди». Жиззахдаги банкоматга хакерлар ҳужум қилди — видео

Жиззах вилояти Зомин туманидаги Халқ банки шохобчасига 24 январь куни хакерлар ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Халқ банки матбуот хизмати билан боғланди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, тумандаги банкоматлардан бирининг пештоқидаги мониторга «Ҳамма пулни банк еб ётибди, кетинглар» деган ёзув пайдо бўлган. Орадан вақт ўтиб, монитордаги ёзув ўчирилган. Халқ банки матбуот хизмати ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Шохобчадаги банкомат монитори 24 январь соат 00:00 дан ишлай бошлаган. Эрталаб соат 07:30 атрофида эса бир бола юзи кўринмаган тарзда кийиниб келиб, ўзини кўрсатмаган ҳолда хакерлик ҳужумини амалга оширган. Бирок ҳозирча бу ишни айнан ким содир этгани аниқланмади. Ҳозирда туман ҳокимияти, хавфсизлик хизмати ходимлари суриштирув олиб бормоқда. Натижаси бўйича маълумотларни тақдим қиламиз», — деди банк матбуот хизмати ходими.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда банк шохобчасининг таблосига номаъқул сўзлар ёзиб кетилганди. Шунингдек, Наманганда 10 минг ўрнига 50 минг сўм «берган» банкомат бўйича изоҳ берилганди.