Янгиликлар - 9:39 · 24.01.2022

Илон Маск одамларга чип ўрнатишни бошлайди

Илон Маскнинг дунёдаги биринчи имплантация қилинадиган мия-компьютер чипини ишлаб чиқарувчи «Neuralink» компанияси 2022 йилдан инсонларда чипни синовдан ўтказишни бошлайди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «USA Today»

Маълум қилинишича, ҳозирда компания чипнинг имплантациясини назорат қилувчи ва АҚШ регуляторлари билан муаммоларни ҳал қиладиган мутахассис қидирмоқда. Талабгор энг инновацион усулларни қўллаётган етакчи муҳандислар ва шифокорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши, клиник тадқиқотлар учун гуруҳ яратиши, унга раҳбарлик қилиши кўрсатилган.

Таъкидланишича, «Neuralink» имплантаси жуда ихчам, танга шаклидаги 23×8 миллиметрдан иборат. Ундан олинган маълумотлар мегабит тезликда ва 10 метргача бўлган диапазонда узатилади. Чип батареяси сутка давомида ишлайди. У тунги вақтда магнит зарядлаш мосламаси ёрдамида қувватланади.

Фото: «Neuralink»

Мазкур чип туфайли «Neuralink» компанияси одамларни биринчи навбатда неврологик касалликлардан даволашга умид қилмоқда. Бундан ташқари, қурилма гормонларни назорат қилиш, депрессияга қарши курашиш ва ҳатто мияни янада самарали ишлашига имкон беради. Нейрочипни имплантация қилиш бўйича операция роботлаштирилган бўлади.

Авалроқ Жефф Безос ўлимга қарши дори ишлаб чиқариши маълум қилинганди.

Bugun — LIVE