Янгиликлар - 22:04 · 24.01.2022

Лукашенко Украина билан чегарага қўшин жойлаштирилишини эълон қилди — видео

Беларусь президенти Александр Лукашенко «Беларусь армиясининг бутун контингенти» Украина билан чегарага жойлаштирилишини эълон қилди. Бу ҳақда у Беларусь давлат чегара қўмитаси раҳбари билан учрашувда маълум қилди.

Фото: «Sputnik Беларусь»

Унинг сўзларига кўра, Беларусь ва Россия Украина билан чегарада қўшма машғулотлар ўтказиш режалари ҳақида анча олдин маълум қилган.

«Россия билан ҳарбий машғулотларга тўхталадиган бўлсам, бу аллақачон эълон қилинган эди. Ўтган йили йирик масштабда машғулотлар ўтказдик. Бу йил ҳам Беларуснинг жанубида ҳарбий ўқув машғулотлари олиб борамиз. Бу биз учун муҳим, чунки у ерга Беларусь армиясининг бутун контингентини жойлаштиришимиз керак бўлади. Бу ишғол қилиш билан боғлиқ эмас. Шунчаки жанубий чегарамизни ҳимоя қилмоқчимиз», — дейди Лукашенко.

Унинг қайд этишича, сиёсатчилар нафақат Латвия, Литва, Польша, балки Украина чегарасида ҳам қўшинлар тўпланишига эътибор қаратиши керак.

«Жанубий чегарага биринчи бўлиб эътибор қаратган биз эмас, украиналиклар бўлди. Улар чегарага қўшин тортишни бошлади. Билмадим, нима учун улар буни амалга оширди?», — деган у.

Аввалроқ Украина чегарасидаги Россия қўшинларининг сунъий йўлдош тасвирлари эълон қилинганди. Шунингдек, Россия Украина билан чегарага қанча ҳарбий жойлаштиргани очиқланганди.