Янгиликлар - 17:17 · 24.01.2022

Ўзбекистонда бир йилда ишлаб чиқариш соҳасидаги қанча ходим ҳалок бўлгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2021 йил давомида ишлаб чиқариш соҳасидаги қанча ходим ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда АОКАда 24 январь куни Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева иштирокидаги брифингда айтилди, дея хабар берди «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 2021 йил давомида ишлаб чиқариш соҳаси билан боғлиқ 810 та меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шулардан 54 та бахтсиз ҳодиса, 558 таси оқибати оғир бахтсиз ҳодисалар ва 198 таси оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалардир. Хусусан, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар натижасида 907 киши жароҳатланган, улардан 238 нафари ҳалок бўлган.

«Аниқланган маълумотларга кўра, 632 нафар ходим оғир ва 37 нафари енгил турдаги жароҳатлар олган. Бахтсиз ҳодисаларни текшириш натижаси бўйича 596 нафар айбдор мансабдор шахс жами 1 миллиард 380 миллион 900 минг сўм жарима қўллаш тартиби бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, 199 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган» — деди вазирлик ходими.

Мавжуда Мирзаеванинг таъкидлашича, ўтказилган текширишлар давомида 20 мингга якин меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган. Шу билан бирга, 1970 нафар айбдор шахсга жами 3 миллиард 340 миллион сўм миқдорида жарима қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода сув қувури ётқизаётган икки ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани, кейинроқ уларнинг шахси аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 10 ой ичида ишчи ходимлар билан боғлиқ 558 та бахтсиз ҳодиса рўй бергани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE