Янгиликлар - 22:01 · 24.01.2022

Шавкат Мирзиёев чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди — фото

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бу соҳа халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришда катта ўринга эга. Сўнгги йилларда амалга оширилган технологик янгилаш ва маҳаллийлаштириш натижасида тармоқ сезиларли ривожланган. Масалан, 2017 йилда 760 миллиард сўмлик чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 4 триллион 415 миллиард сўмни ташкил этган. Шу даврда экспорт ҳажми 105 миллион доллардан 421 миллион долларга етган. Яъни, ишлаб чиқариш қарийб 6 баробар, экспорт 4 баробар ўсган. Тайёр маҳсулотлар улуши ҳам 32 фоиздан 78 фоизга кўпайган.

«Шу билан бирга, ҳали бу тармоқда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Лекин айрим муаммолар ишлаб чиқарувчиларга қийинчилик туғдирмоқда. Жумладан, хом ашё ҳисобини юритиш тизими йўқ, автоматлашган кушхоналар камлиги тери сифатига таъсир қилмоқда. Дизайнер, технолог ва малакали тикувчилар, замонавий ускуна, кимёвий восита ва бутловчи қисмлар етишмайди», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, ҳудудлар кесимида айтганда, Бухоро ва Хоразмда йиллик 2 миллион дона тери захираси бўлса-да, уни саноат усулида йиғиб олиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилмаган. Қашқадарёда йилига 1 миллион 800 минг, Навоийда 700 минг ва Тошкент вилоятида 500 минг дона майда шохли чорва териси умуман қайта ишланмайди. Кўп кушхоналар аҳолидан узоқда жойлашгани, маҳаллалар билан боғланмагани сабабли кам қувватда ишламоқда. Йиғилишда шу каби муаммоларни ҳал этиб, соҳани тизимли ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган. Аввало, маҳаллаларда чорва молларини сўйиш ва терини йиғиб олиш бўйича кичик мобиль хизматларни йўлга қўйиш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш зарурлиги айтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, мутасаддилар 2022 йилда амалга оширилиши мўлжалланган жами 421 миллион долларлик 248 та лойиҳа тўғрисида маълумот берган. Давлат раҳбари корхоналарни ўз вақтида ишга тушириш, шу билан бирга, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бунда маҳаллийлаштириш ва замонавий моделларни ўзлаштиришга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йилда иқтисодиёт тармоқлари ва коммунал соҳа барқарор ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Шунингдек, давлат раҳбари 20 январь куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказганди.