Қарши давлат университетида 38 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди — фото
Бу билан табиатга 250 млн сўмдан ортиқ зарар етказилган
Қашқадарё вилоятидаги Қарши давлат университетида 38 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди. Бу ҳақда Экология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 13–15 январь кунлари Экология қўмитасининг давлат инспекторлари томонидан дарахт кесиб ташланган жойда ўрганиш ишлари олиб борилган. Аниқланишича, университет томонидан Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилинган ва бу тўғрисида рад жавобини олган.

Қайд этилишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рад жавоби берилганига қарамасдан, жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилган. Ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинди.

Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 миллион 543 минг сўм миқдорида ҳисобланди. Ҳодисага оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
Аввалроқ Андижондаги туғуруқхонада 12 туп соғлом дарахт кесиб ташлангани ҳамда ҳолат юзасидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш.га нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.