Янгиликлар - 13:53 · 24.01.2022

Россияда баландликдан йиқилиб, оғир жароҳат олган ўзбекистонлик эркак ватанга қайтарилди — фото

Россияда баландликдан йиқилиб, оғир жароҳат олган ўзбекистонлик эркак ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Маълум бўлишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига хоразмлик К.Б. исмли аёл мурожаат қилган. Унда Россияда вақтинчалик ишлаш учун кетган эри оғир тан жароҳати олгани ва уни Ўзбекистонга қайтариш учун амалий ёрдам сўрагани айтилган.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Аниқланишича, Б.М. 2019 йилнинг май ойида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга кетган, 2021 йилнинг ноябрь ойида баландликдан йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир тан жароҳати олган. Таъкидланишича, ҳозирда фуқаро мустақил ҳаракатлана олмайди ва меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Шунингдек, 23 январь куни Б.М. шифокор назоратида Москва–Тошкент йўналиши орқали хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағи ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келинган. Тошкент халқаро аэропортида эркакни агентлик маъсул ходимлари ва яқин қариндошлари кутиб олди. Яқин қариндошлари ҳамроҳлигида Хоразмга кузатиб қўйилди.

Аввалроқ Россияда автоҳалокатга учраган 23 ёшли ўзбекистонлик йигит ватанга қайтарилгани маълум қилинган. Шунингдек, Россияда қаровсиз қолган ўзбекистонлик ногирон эркак ватанга олиб келингани хабар қилинган.