Янгиликлар - 20:04 · 25.01.2022

Манба: Қозоғистон электр таъминотида узилиш бўлишини аввалдан билган

Қозоғистон ягона энергетика тизимида 21 январдан электр токи бўйича вазият кескин бўлган. «Bugun.uz» ихтиёрига «Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси» вакили Бекжан Мукатов томонидан имзоланган ҳужжат келиб тушди.

Фото: «Bugun.uz»

Хатда келтирилишича, 2022 йил 24 январдан 31 январгача бўлган даврда рақамли майнинг билан шуғулланувчи шахсларга режалаштирилган электр энергиясини етказиб бериш тўлиқ бекор қилинган.

«Ҳозирда Қозоғистон ягона энергетика тизимида электр қуввати ва қувват балансини сақлаш бўйича кескин вазият сақланиб қолмоқда», дейилади ҳужжатда.

«Bugun.uz» манбасига кўра, Қозоғистон ягона энергетика тизимида муаммо кузатилгани сабаблари криптомайнерлар аввалдан огоҳлантирилган. Аммо қўшни республика томони Ўзбекистонга огоҳлантириш бермаган.

«Агар бизга хабар берилса, биз улардан узилиб, ўз энергия ҳалқамизни ишга туширардик», дейди манба.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё ягона электр тармоғида 25 январь куни кузатилган узилиш сабабли Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида электр энергиясида узилиш кузатилган. Расмийлар узилиш 30 дақиқада бартараф этилишини маълум қилди.

Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тизимида ҳам авариянинг салбий таъсири кузатилди. Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотанинг кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ИЭСи ва Сирдарё ИЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган.

Bugun — LIVE