Фотогалерея, Янгиликлар - 8:30 · 25.01.2022

Ёпилган аэропорт, 37 та машина иштирокидаги ЙТҲ, аҳолига қилинган огоҳлантириш — Туркияда кучли қор ёғди

Туркияда 24 январь куни кучли қор ёғди. Оқибатда мамлакатнинг кўплаб вилоятлари кучли циклондан зарар кўрди.

Фото: «Daily Sabah»

Истанбулдаги университетлар ёпилди, мактаб ўқувчилари таътилга чиқарилди, ногиронлар ва ҳомиладор аёллар икки кунга ишдан озод қилинди.

Фото: «Daily Sabah»

Қор ёғиши сабабли Истанбул халқаро аэропорти ҳам ишини тўхтатди. Аэропортнинг ёпилиши Яқин Шарқ ҳамда Африкадан Европа ва Осиёга режалаштирилган парвозларга таъсир қилди.

Сайёҳлик агентлиги расмийлари бу ҳодиса ҳукумат 2019 йилда эски Истанбул Отатурк аэропортини Турк ҳаво йўллари учун янги марказ сифатида алмаштирганидан бери қайд этилган биринчи ёпилиш эканини айтди.

Иқлимшунослар Истанбулда қорнинг 24 январь куни кечки пайт кучайиб, яна уч кун давом этиши ҳақида огоҳлантирди. Маҳаллий ҳокимият эса фуқароларни уйларини заруратсиз тарк этмасликка чақирди. Шаҳарда ҳаво ҳарорати -2 даражагача пасайди, бу январь ойидаги ўртача кўрсаткичдан 4–6 даражага паст ҳисобланади.

Фото: «Xinhua»
Фото: «Xinhua»
Фото: «Xinhua»

Шаҳарда автоҳалокатлар сони ортди. Кўчаларда ўн баллик тирбандлик юзага келди. Коммунал хизматлар эса йўлдан қорни олиб ташлашга улгурмаяпти.

Фото: «Xinhua»

Хусусан, Истанбул йўналишидаги трассада йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 30 дан ортиқ автомобиль тўқнашиб кетди, 25 киши касалхонага ётқизилди. Юк машинаси музлаган йўлда ҳаракатлана олмай қолган, бошқа автомобиллар эса унга бориб урилган. Шаҳарнинг ичида эса жиддий ЙТҲ юз берди. Йўловчи автобуси йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилди. Оқибатда ҳайдовчи ва бир йўловчи ҳалок бўлди, яна ўн нафари яраланди.

Бундан ташқари, Истанбул–Анқара автомагистралида кучли музлаш туфайли транспорт ҳаракати тўсиб қўйилди.