Янгиликлар - 8:06 · 26.01.2022

АҚШ Украина сабаб Европага қўшин юбориш муддатини маълум қилди

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Украина ва Россия ўртасида вазият кескинлашган тақдирда Европага қўшин юбориш муддатини маълум қилди. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Фото: «AP»

Маълум қилинишича, Қўшма Штатлар беш кун ичида ҳарбийларининг бир қисмини Европага жўнатишга тайёр. Бироқ Департамент вакили Украинада ҳозирча кескин вазият кузатилмаётганини қайд этган.

«Вазиятни яқиндан кузатиб боряпмиз. Биз Россия ва Беларуснинг ғарбий қисмига аскарлар саф тортаётгани ҳақида жуда аниқ тасаввурга эгамиз», — деган Кирби журналистларга.

Таъкидланишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги 8500 нафар аскарни тайёр ҳолга келтирган. Улар NATO талабига биноан Шарқий Европага жойлаштирилиши мумкин.

Маълумот учун, Лукашенко ҳам Украина билан чегарага қўшин жойлаштирилишини эълон қилганди. «Бу йил ҳам Беларуснинг жанубида ҳарбий ўқув машғулотлари олиб борамиз. Бу биз учун муҳим, чунки у ерга Беларусь армиясининг бутун контингентини жойлаштиришимиз керак бўлади. Бу ишғол қилиш билан боғлиқ эмас. Шунчаки, жанубий чегарамизни ҳимоя қилмоқчимиз», — дейди у.

Аввалроқ  Украина чегарасидаги Россия қўшинларининг сунъий йўлдош тасвирлари эълон қилинганди. Шунингдек, Россия Украина билан чегарага қанча ҳарбий жойлаштиргани очиқланганди.

Bugun — LIVE